4 май куни Қатарда бўлиб ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида кумуш медални қўлга киритиб, 2024 йилги Олимпия ўйинларига йўлланмага эга чиққан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ватанга қайтиб келди. Спортчилар Тошкент халқаро аеропортида тантанали равишда кутиб олинди.

Жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе журналистларга берган интервюсида жамоанинг турнирдаги натижалари ҳақида гапирди.

«Худога шукур ҳаммаси яхши. Ҳаммамизга муборак бўлсин. Юзимиз ёруғ, иншааллоҳ, олимпиадага тайёргарлик кўрамиз. Бундан яхши нарса йўқ. Олимпиададаги рақибларимиз кучли рақиблар. Биз учун шу билан қизиқ. Испания ҳам, Миср ҳам… менимча биз улар билан ўйнадик. Бизни қизиқарли учрашувлар кутиб турибди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, U-23 Осиё кубоги финалида жамоа Япониядан мағлубиятга учраганидан сўнг озгина тушкунлик кайфияти бор. Умуман олганда ҳаммаси жойида.

Бу футбол, аламли мағлубият бўлди деб ўйлайман. Шунга қарамай биз яхши ҳаракат қилдик. Боримизни бердик ва энг асосий вазифамизни бажардик", — дейди мураббий.

«Нефтчи» ва Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддиновнинг айтишича, жамоа финалда Японияга имкониятни бой берган бўлса-да, турнирда энг кучли эканини кўрсатиб қўйди.

«Рубин» ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиевнинг фикрича, жамоага легионер футболчилар — Франциянинг «Ленс» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов, БААнинг «Аль-Ваҳда» клуби ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркинов ва Россиянинг ЦСКА ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев кабиларнинг сифати бироз етишмади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва клублар ўйинчиларнинг асосий вазифаси — Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш бўлгани учун турнирда қатнашишига рухсат берди. Улар бу вазифани адо этгач, клуб футболчиларни ўз сафига қайтариб олди.

Тимур Кападзенинг фикрича, легионер футболчиларнинг Ўзбекистон U-23 терма жамоасидаги ўрнини ҳисобга олсак, жамоа улар билан янада кучлироқ бўларди. Унинг таъкидлашича, ушбу турнир 2024 йилги Олимпиадага ўзига хос тайёргарлик бўлди, жамоа у ерга «тайёр жамоа» бўлиб боради.

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Олимпия ўйинларида «C» гуруҳидан жой олди ва 24 июль куни Испанияга, 27 июль куни Мисрга, 30 июль куни Доминикан Республикасига қарши баҳс олиб боради.