15 апрель, душанба куни Киевда Ўзбекистон-Украина бизнес кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзди мазкур кенгаш ҳамраиси, «Корзинка» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Кенгаш 2021 йилда Ўзбекистон ва Украина Савдо-саноат палаталари томонидан тузилган. Ундан кўзланган мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Учрашувда Ўзбекистон ва Украина элчилари Алишер Курманов ҳамда Николай Дорошенко, Украина ССП раҳбари Геннадий Чижиков, шунингдек, Украина ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликдаги мавжуд муаммоларни қайд этиб, уларни бартараф этиш чораларини белгилаб олди.

«Шундай муаммолардан бири, мисол учун келтирсам, Украинага Ўзбекистондан келадиган текстиль маҳсулотларининг божхона қиймати биздан келаётган инвойс ва декларация асосида эмас, балки қатор холларда украин божхонаси белгилайдиган қимматроқ қийматда қайд этилиб, маҳсулотларимиз Украина бозорига кираётган пайтида юқорироқ ҚҚСга тортиляпти», — деб ёзади Зафар Ҳошимов.

Унинг сўзларига кўра, бу муаммо украиналик ҳамкорлар ва расмийлар эътиборига ҳавола қилинган ва уларни бартараф этиш чораларини кўришга келишиб олинган.

Бундан ташқари, Украинанинг урушдан жабр кўрган бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарини Ўзбекистонга релокация қилиш, шунингдек, креатив иқтисодиёт (иқтисодиётнинг асосий қиймати интеллектуал фаолият маҳсулотлари бўлган тармоғи) соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко ҳарбий ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва Украина ўртасида 2022 йил бошига келиб ўсишни бошлаган товар айирбошлаш яна пасайганини маълум қилганди. 2023 йил охирида у 320 миллион доллардан ортиқни ташкил этган, 2021 йил охирида эса бу кўрсаткич 747 миллион доллар бўлган.

«Бу аввалги ҳажмнинг ярмига тенг. Аммо савдо ҳали ҳам позицияларни босқичма-босқич қайта тиклаш, ўсиш билан давом этмоқда. Ва бу динамика давом этишига чин дилдан умид қиламиз», — деганди дипломатик миссия раҳбари.