13 апрель куни кечқурун Урганчда Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари, журналист, ёзувчи, шоир ва драматург Эркин Самандар 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га унинг оила аъзолари маълум қилди.

Эркин Самандар (Самандаров) 1935 йил 22 мартда Хива шаҳрида туғилган. Хоразм педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тугатган (1957).

У меҳнат фаолияти давомида Хоразм вилояти радиоэшиттириш қўмитаси ўзбек эшиттиришлари таҳририяти муҳаррири сифатида (1959−61), Ўзбекистон Компартияси вилоят қўмитасида ишлаган (1963−67; 1990). Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлик» студияси бош муҳаррири (1967−69), дастурлар директори (1969−75), адабий-драматик эшиттиришлар бош муҳаррири (1975−77), «Хоразм ҳақиқати» газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир (1961−63; 1977−90), бош вазир ўринбосари (1990−93) бўлиб хизмат қилган.

эркин самандар

1966 йилда «Аму жилолари» номли биринчи шеърий китобини нашр этган. Сўнг «Осмон тўла нур», «Дунёнинг ёшлиги» (1970), «Вафо деган гавҳар» (1975), «Севги фасллари» (1973), «Менинг йигит вақтим» (1979), «Қабул соатлари» (1980), «Соҳилдаги болалар» (1982), «Сайланма», «Юракка йўл» каби 20 га яқин шеърий мажмуалари эълон қилинган.

Марҳум «Осмоннинг тош тулпори», «Олтин сандиқ», «Эрк садолари», «Ишқий мактублар» ва бошқа юздан ортиқ қўшиқ ҳамда бир қанча достонлар муаллифи ҳисобланади.

эркин самандар

У бир қатор тарихий пьесалар — «Жавоҳир» (1980), «Аждодлар қиличи» (1985), «Башорат» (1994), «Жалолиддин Мангуберди» (1999), «Арабмуҳаммад Баҳодирхон» (2002), «Паҳлавон Маҳмуд Пирёрвалий» (1995), «Суянч» (1996), «Минг отлилар диёри» (2003) асарларини ёзган.

Шунингдек, «Дарёсини йўқотган кирғоқ» (1988), «Тангри қудуғи» (1994) ва бошқа романларни ҳам ёзган.

Эркин Самандар 1989 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони, 2019 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.