Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари «Крокус сити ҳолл»даги терактни тергов қилиш давомида халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва тамойилларга амал қилиши, хусусан, айбсизлик презумпцияси ва қийноқларга қўйилган тақиқга риоя қилишлари кераклигини айтди. Бу ҳақда у 12 апрель куни Минскда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида гапирди, дея хабар берди «Азия-Плюс» нашри.

«Очиқ ахборот майдонида террорчилик ҳаракати содир этганликда гумонланаётган шахслар тан жароҳати етказиш тарзидаги қийноқлар қўлланган ҳолда ҳибсга олингани акс этган тасвирлар намойиш этилишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу йўл билан олинган иқрорларнинг баҳоси ҳаммага яхши маълум», — деган вазир.

Тожикистон ТИВ раҳбари, шунингдек, «яхши ўйланмаган ахборот кампанияси» оқибатида «Тожикистон фуқаролари ва тожикистонликларга нисбатан салбий тушунча шаклланаётганини ва бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон теракт бўйича тергов холис ва адолатли бўлишини, барча: «ташкилотчилар, айбдорлар, уларнинг шериклари ва бу даҳшатли жиноятга буюртма берганлар» жазоланишини кутади.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечқурун Москва яқинидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залига террорчилар бостириб кирди. Улар концерт залига ташриф буюрган томошабинлар ва у ердаги ходимларга қарата ўт очди, кейин эса зални ёқиб юборди. Воқеа оқибатида 144 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши жароҳатланди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников 26 март куни содир этилган терактга алоқадор 11 киши қўлга олинганини маълум қилди.

Иш бўйича дастлабки тўрт нафар айбланувчи — Тожикистон фуқаролари 25 мартга ўтар кечаси суд қарори билан ҳибсга олинди, уларга террорчилик моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Далержон Мирзоев, Саидакрами Ражабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсиддин Фаридуни икки ой муддатга ҳибсга олинди.

Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган суд жараёнидан олинган фотосуратлар ва видеоларда айбланувчилар ҳибсга олиш пайтида ёки ҳибсга олингандан кейин жароҳатланганини кўриш мумкин. Далержон Мирзоевнинг бўйнига полиэтилен пакет ўралган.

Ҳибсга олиш чоғида Саидакрами Ражабализода қулоғининг бир қисмини кесиб, уни ейишга мажбурланган (ҳолат акс этган видео Telegram каналларида тарқатилган). Суд залидан олинган суратда уни қулоғига боғлаб қўйган ҳолда кўриш мумкин.

Муҳаммадсобир Файзов судга аравачада олиб келинди. 23 март куни ҳибсга олинганидан сўнг унинг кўзи шишган ва қонаган ҳолда тушган сурати чиқди. Кейинчалик унинг кўзи ўйилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Суд мажлисидан олинган суратда у тиббий халатда ва аравачада тасвирланган бўлиб, залдаги мажлисга муносабат берадиган даражада эмаслигини кўриш мумкин.

Ҳужумдан икки кун ўтиб, Шамсиддин Фаридунийнинг ҳибсга олинганидан кейинги сурати пайдо бўлди, у, афтидан, электр токи билан қийноққа солинган.

Россия омбудсмани Татьяна Москалькова 26 март куни ҳибсга олинганлар ва айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланишига йўл қўйиб бўлмаслиги, барча процессуал ва оператив ҳаракатлар қонунга мувофиқ амалга оширилиши кераклигини айтди. «Медуза»нинг таъкидлашича, ҳатто ўта оғир жиноят содир этган шахсларнинг ҳам қийноқларга учрагани бутун жамият учун хавфлидир.