Пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей негизида қайтадан мактаб ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бу таклифни Баҳодир Абдувалиев шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов билан учрашувда билдирди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

9 апрель куни Шавкат Умурзоқов ташрифи чоғида туман ҳокими Шоштепа ва Акбаробод маҳаллалари инфратузилмаси ва қиёфасини яхшилаш бўйича тақдимот ўтказди.

Тақдимотда Баҳодир Абдувалиев Mega Planet савдо маркази ёнидаги 26,5 гектар майдонда жойлашган Акбаробод маҳалласини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида гапирди. У ердаги 21 та уйда 3248 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллага авваллари шу ҳудудда бўлган мактаб зарур. 2007 йилда 960 ўринли мактаб биноси Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицейга берилган бўлса-да, у атиги 30 фоиз қувват билан ишламоқда. Бинонинг бир қисми мусиқа мактабига айланган.

«Лицейга сектор мудири билан шахсан ўзим ташриф буюрдим. У ерда фақат 30 фоиз ўқув хоналари банд, вилоятлардан келган талабалар таҳсил олишади. Синф хоналарининг 70 фоизи бўш. Шу боис лицей биносини кимё саноати тизимидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги балансига қайтариб, ўша ерда яна мактаб ташкил этишни таклиф қиламан. Бу маҳалла учун зарур», — деди у.

Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов бу таклифни кўриб чиқишини таъкидлаб, лицейни кўчириш учун жой ажратиш зарурлигини билдирди.

Баҳодир Абдувалиев. Фото: Тошкент ҳокимлиги.Баҳодир Абдувалиев. Фото: Тошкент ҳокимлиги.

Туман ҳокимининг маълум қилишича, лицей ҳудудидаги 27,5 сотихли учта бўш ер участкасини (1 сотих учун 65 минг доллар) аукцион орқали сотиш йўли билан 22,5 млрд сўм жалб қилиш кутилмоқда. Гап «ўлик ва фойдаланилмаётган» ҳовуз ҳақида кетмоқда, деди у. Савдодан тушган маблағни маҳаллани ободонлаштириш, мактабни таъмирлашга йўналтириш режалаштирилган.

2024 йилда Акбаробод маҳалласида 9,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Тошкентдаги маҳалла ва кўчаларни ободонлаштириш ишлари Австралиянинг Сидней шаҳри тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ягона меъёрлар бўйича амалга оширилиши режалаштирилган, деди ҳоким Шавкат Умурзоқов. У «нафақат шаҳар марказида, балки чекка маҳаллаларда ҳам идеал шароит бўлиши керак»лигини айтди.