Тошкент шаҳри ИИББ пойтахтда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ходимлар савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлари, бозорлар ва бошқа жамоат жойларида кучайтирилган тартибда хизмат олиб бораётганини маълум қилди.

«Мамлакатимиз, шаҳримиз ва ҳар бир маҳаллада тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш учун барчамиз бирдек масъулмиз. Бефарқ бўлманг!» — дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлиги эса бу тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ўткизилаётганини маълум қилди.

«Гувоҳи бўлаётганимиздек, замонамизда рўй бераётган аянчли воқеликлар макон ёки жой, миллат ёки ёш танламаяпти. Биз тинч ва осойишта, дориламон кунларда яшар эканмиз, юртимизни турли ташқи таъсирлардан, ёмон ниятли кимсалардан ҳимоя қилишга ўзимизни дахлдор ҳис этишимиз муҳим ҳисобланади. Яқин ўтмиш халқимиз учун изтиробли, аламли хотиралар билан муҳрланган 16 февраль воқеаларига, Сариосиё туманидаги террористик таҳдидларга, Андижондаги хунрезликларга гувоҳ бўлган. Ғаразгўй, ватансиз кимсаларнинг бу ҳаракати тарихга қонли террор сифатида муҳрланган», — дейилади хабарда.

«Мана шунга ўхшаш хунрезликлардан ва мудҳиш воқеалардан ҳимояланиш учун, юртимиз, шаҳримиз, маҳалламиз тинчлиги учун барчамиз бир бўлиб бирлашишимиз, огоҳликни кучайтиришимиз зарур. Бунинг учун, жамоат жойларида шубҳали кўринган шахсларга эътибор қаратишимиз ҳамда улар ҳақида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришимиз муҳим», — дея қайд этилган вазирлик хабарида.

Вазирлик турли манзилларда қаровсиз қолдирилган ҳар қандай буюмни эътибордан четда қолдирмасдан, улар ҳақда дарҳол 102 рақамига хабар бериш кераклигини эслатди.

Фото

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

тошкент, қўриқлаш-патруль хизмати

Миллий гвардия матбуот хизмати Рамазон ойи муносабати билан ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бошқарма ходимлари барча масжидларда намоз вақтида, шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда, йирик савдо мажмуалари, бозорлар, кинотеатрлар, боғлар ва кўчаларда кучайтирилган режимда хизмат кўрсатаётгани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Россиядаги «Крокус сити ҳолл»да содир этилган терактдан кейин майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган барча йирик савдо марказлари ва концерт заллари, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда одамлар гавжум бўладиган бошқа муассасаларни текширишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залига бир неча қуролланган шахс бостириб кириб, ўт очди. Улар, шунингдек, бинони бутунлай ёқиб юборди. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 143 киши ҳалок бўлган, 360 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳужумни содир этганликда гумон қилиниб, 11 киши қўлга олинган.