Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ИШИД-К (Хуросон вилояти) террорчилик гуруҳи ва «Крокус сити ҳолл» концерт залига ҳужум қилганлар билан алоқадорликда гумон қилинган тўққиз нафар маҳаллий аҳолини қўлга олди. Бу ҳақда Тожикистон махсус хизматларидаги манбаларга таяниб, Reuters ва «РИА Новости» хабар берди.

Ҳибсга олишлар 25 март, душанба куни Ваҳдат шаҳрида амалга оширилган, шундан сўнг гумонланувчилар Душанбега олиб кетилган. Қайд этилишича, тезкор тадбирларда Тожикистон пойтахтида жойлашган Россия хавфсизлик кучлари иштирок этган. Ҳибсга олинганларнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.

  • «Крокус сити ҳолл»га ҳужум 22 март куни кечқурун содир бўлди. «Пикник» гуруҳи концерти бошланишидан олдин бир неча қуролланган киши бинога бостириб кириб, томошабинларга қарата ўқ узди. Залда ёнғин содир бўлди. Теракт оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган, 382 киши жароҳатланган.
  • «Крокус»даги ҳужум учун жавобгарликни ИШИД-Хуросон ўз зиммасига олди. Россия ҳукумати терактда гумон қилинган 11 киши, жумладан, тўртта бевосита жиноятчилар қўлга олинганини маълум қилди. 24 март куни терактда айбланганлар ҳибсга олинди. Судда улар қўлга олиш жараёнида калтакланиш ва қийноқ аломатлари билан кўриниш берди. Кейинроқ иш бўйича яна тўрт нафар айбланувчи қўлга олинди, улар, терговчиларнинг сўзларига кўра, террорчиларга квартира ижарага бериб, машина олиб берган.
  • Россия ҳукумати «Крокус»даги теракт ортида Украина турганини даъво қилмоқда. Bloomberg агентлигига кўра, Владимир Путинга яқин одамлар Киевнинг терактга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, деб ҳисоблайди, бироқ президент «фожиадан фойдаланиб, россияликларни Украина билан урушда мобилизация қилишга уриниш ниятида» экани қайд этади. Украина ҳукумати «Крокус»даги терактга алоқадорлигини рад этди.