Февраль ойи бошида МТРК раислигидан кетган Алишер Журакулович Ходжаев Кинематография агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

У 28 март куни бўлиб ўтган йиғилишда жамоага таништирилган. «Умид қиламизки, неча йиллик тажрибага эга Алишер Журақулович соҳада эришилган муваффақиятларнинг янада ошиши, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишда бор куч, билим ва тажрибасини сарфлайди», — деб ёзди вазир Озодбек Назарбеков.

Маълумот учун, Алишер Ходжаев 1963 йили Тошкент вилоятида туғилган, 1985 йили Самарқанд давлат университетини тамомлаган. У 1985−1993 йилларда Фанлар академияси тизимидаги илмий-текшириш институтлари, ишлаб чиқариш бирлашмаларида фаолият олиб борган, 1993−1996 йилларда НКК фирмасида тизим муҳандиси бўлиб ишлаган.

1996 йилдан 1998 йилга қадар «КомУзАзия» компаниясида, 1998−2001 йилларда эса UzPAK компаниясида бош директор лавозимида меҳнат қилган.

2001−2002 йилларда президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2002−2005 йилларда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг (ҳозирги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги) раҳбари ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Алишер Ходжаев 2005 йил апрелидан 2017 йил бошига қадар МТРК раҳбари бўлган. 2017 йил бошида «танқидга учраб» ишдан кетган ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланган. Лекин бир муддатлик танаффусдан кейин, август ойида яна МТРК раиси лавозимига қайтган.

Шу йилнинг 2 февраль куни ЎзМТРКни салкам 20 йил бошқарган Алишер Ходжаев лавозимидан озод этилганди. Унинг ўрнига бош вазир котибияти раҳбари бўлиб ишлаган Абдурашид Жўрабоев тайинланган.