Шавкат Мирзиёев 28 март куни мактаб таълимини ривожлантириш ва сифатини оширишга оид режалар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари энг биринчи вазифа этиб белгилангани сабабли президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблардаги йўналишларни такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда, тажриба тариқасида, муҳандислик дастурларини жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бу дастур «Янги Ўзбекистон» университети дастури билан интеграция қилинади.

инглиз тили, мактаблар, таълим, таълим сифати, ўқувчилар, шавкат мирзиёев

Юқори малакали педагоглар имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида жамоатчилик асосида «Фан кенгашлари» тузилади. Бу кенгашлар таълим дастурларини ишлаб чиқиш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга жалб қилинади.

Келгуси ўқув йилидан 14 та мактабда фанларни инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш, 2025−2026 йилларда 8 та янги ихтисослашган мактаб қуриш ҳам режалаштирилмоқда.

Ижод мактабларида таниқли адиблар ва жамоат арбоблари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ижодий ишларини Ёзувчилар уюшмаси ҳисобидан нашр этиш йўлга қўйилади. Турли кўрик-танловлар ўтказиш орқали иқтидорли ёшлар қўллаб-қувватланади.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков.Маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Бундан ташқари, ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Унга олимлар ва хорижий мутахассислар жалб этилади, ўқувчиларнинг ҳар бири ривожланиш дастури орқали мақсадли тайёрланади, дейилади хабарда.

Иштирокчиларнинг халқаро олимпиадалардаги якуний натижаларидан келиб чиқиб, терма жамоа етакчисини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Барча фан олимпиадаларини акс эттирадиган ягона олимпиадалар тақвими ва тайёргарлик тизими яратилади. Асосий машғулотлар билан бирга психологик тренинглар, бошқа жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади.

Тақдимотда ўқувчилар билимини баҳолашнинг шаффоф ва холис тизимини жорий қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

«Ҳозирда билимнинг баҳоси турли мактабларда турлича. Имтиҳон варақаларидаги саволлар даражаси ҳам ҳар хил. Халқаро тестология талабларига кўра, ҳамма вариантлардаги саволларнинг қийинлик даражаси тенг бўлиши керак. Шу боис давлат якуний аттестациясида, яъни мактабни битириш имтиҳонларида ўқувчиларнинг билимини ягона назорат материаллари асосида баҳолаш таклиф этилмоқда. Имтиҳон топшириқлари ёзма ва амалий шаклга ўтказилади, жавобларни махсус платформа орқали текшириш амалиёти йўлга қўйилади, саволлар доимий равишда янгилаб борилади», — деб ёзади президент матбуот хизмати.

Шунингдек, энди мактабни битириш имтиҳонларида олий таълим муассасасига кириш синовларига мос фанни танлаш имконияти яратилади.

Давлат раҳбари умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, унинг олий таълим билан мутаносиблигини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берди. У маданиятни кенг ёйиш масаласига ҳам тўхталиб, ёш авлодда санъатга меҳрни мактаб ва олийгоҳдан бошлаб шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда ижод мактабларида «Тасвирий санъат ва чизмачилик» фани ўрнига «Санъат» фанини киритиш таклиф этилмоқда. Бунда фақат расм чизиш эмас, балки рангтасвир, ҳунармандчилик, кинематография, ҳайкалтарошлик ва дизайнга оид кўникмалар ўргатилади.

Олий ўқув юртларида бу бўйича маслаҳатчи тизимини Маданият вазирлиги билан боғлаб, мақом, бахшичилик, театр меросларини ёшларга етказиш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, йирик корхоналар ва кластерлар қошида ансамбллар тузилиб, маҳаллаларда концертлар, мактабларда маданият кунлари ташкил этилиши белгиланди.

Президент февраль ойида Андижон шаҳридаги мактаб-интернатга ташрифи давомида ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, юқори синф ўқувчиларини олийгоҳ дастурларига тайёрлаш, дарсларда ёшлар вақтини кетказмай, кўпроқ амалиётга йўналтириш кераклигини айтганди. Мактабларга таълим, тарбия ва маънавият бўйича янги муҳит олиб кириш керак, деганди президент ўшанда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 15 ёшли ўқувчиларнинг математика, ўқиш ва табиий-илмий саводхонлиги бўйича кўрсаткичларини халқаро баҳолаш дастури (PISA)да илк бор қатнашиб, сўнгги ўнталикка кирган. Тадқиқот ўқувчилар кўникмаларига ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва оиланинг озиқ-овқат хавфсизлиги таъсир қилишини кўрсатган. Шавкат Мирзиёев бунга тўхталиб, 2024 йилда мактаб ва мактаб таълимига 46 трлн сўм ажратилаётгани, аммо PISA дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар кўплигини аниқ кўрсатгани ҳақида гапирганди.