Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ўқувчиларнинг таълимдаги кўрсаткичларини баҳолаш бўйича халқаро дастур — PISA`нинг 2022 йилги натижаларини эълон қилди. Тадқиқотда 81 мамлакат ва ҳудуддан 690 мингдан ортиқ 15 ёшли мактаб ўқувчилари иштирок этди. Унда Ўзбекистон, Камбоджа, Сальвадор, Ямайка, Монголия ва Фаластин каби баъзи давлатлар биринчи марта иштирок этди.

2022 йилги тадқиқотда асосий эътибор математик саводхонликка қаратилди. Тадқиқотга ўқиш саводхонлиги ва табиий-илмий саводхонлик бўйича тестлар ҳам киритилган. Иштирокчи давлатларнинг ўртача бали: математик саводхонлик бўйича 472 балл, ўқиш — 476 балл, табиий-илмий саводхонлик — 485 балл.

Мамлакатлар рейтинги

Сингапурлик ўқувчилар барча йўналишлар бўйича энг яхши натижаларни кўрсатди: математик саводхонлик бўйича 575 балл, ўқиш саводхонлиги бўйича 543 балл ва табиий-илмий саводхонлик бўйича 561 балл. Умуман олганда, Жануби-Шарқий Осиё ва Хитой минтақалари ўқувчилари тадқиқотда етакчилик қилди. Эстония ва Канада ҳам барча йўналишлар бўйича кучли ўнталикка кирди.

Энг яхши натижа кўрсатган 10 мамлакат:


Математик саводхонлик

Ўқиш саводхонлиги

Табиий-илмий саводхонлик

1
Сингапур
Сингапур
Сингапур
2
Макао (Хитой)
Ирландия
Япония
3
Тайпей (Хитой)
Япония
Макао (Хитой)
4
Гонконг (Хитой)
Жанубий Корея
Тайпей (Хитой)
5
Япония
Тайпей (Хитой)
Жанубий Корея
6
Жанубий Корея
Эстония
Эстония
7
Эстония
Макао (Хитой)
Гонконг (Хитой)
8
Швейцария
Канада
Канада
9
Канада
АҚШ
Финляндия
10
Нидерландия
Янги Зеландия
Австралия

23 та мамлакатдаги мактаб ўқувчилари математика саводхонлиги бўйича, 20 та мамлакат мактаб ўқувчилари ўқиш саводхонлиги бўйича, 24 та мамлакат мактаб ўқувчилари эса табиий-илмий саводхонлик бўйича ўртачадан юқори балл тўплади.

Энг ёмон натижа қайд этган 10 та давлат:


Математик саводхонлик

Ўқиш саводхонлиги

Табиий-илмий саводхонлик

72
Ўзбекистон
Шимолий Македония
Сальвадор
73
Иордания
Албания
Гватемала
74
Панама
Доминикан республикаси
Фаластин
75
Косово
Фаластин
Парагвай
76
Филиппин
Филиппин
Марокаш
77
Гватемала
Косово
Доминикан республикаси
78
Сальвадор
Иордания
Косово
79
Доминикан республикаси
Марокаш
Филиппин
80
Парагвай
Ўзбекистон
Ўзбекистон
81
Камбоджа
Камбоджа
Камбоджа

Тадқиқотда иштирок этган постсовет давлатлари орасида Латвия, Литва ва Украина етакчилик қилмоқда (Россиянинг кенг миқёсдаги босқини туфайли 27 та ҳудуддан 18 таси қатнашган). Умуман олганда, постсовет мамлакатлари қуйидаги натижаларни кўрсатди (ўрин, балл):

Математик саводхонлик
Ўқиш саводхонлиги
Табиий-илмий саводхонлик
21. Латвия (483 балл)
27. Латвия (475)
19. Латвия (494)
24. Литва (475)
32. Литва (472)
29. Литва (484)
41. Украина (441)
46. Украина (428)
39. Украина (450)
46. Қозоғистон (425)
51. Молдова (411)
49. Қозоғистон (423)
50. Молдова (414)
61. Қозоғистон (386)
51. Молдова (417)
56. Озарбайжон (Боку) (397)
67. Грузия (374)
66. Грузия (384)
60. Грузия (390)
69. Озарбайжон (Боку) (365)
68. Озарбайжон (Боку) (380)

Умуман олганда, PISA`нинг аввалги тадқиқотларида қатнашган кўплаб мамлакатларда баллар ёмонлашган. Математика бўйича ўртача балл 15 баллга (ярим йиллик ўқиш даврига тенг), ўқиш бўйича эса 10 баллга (ўқув йилининг тўртдан уч қисмига тенг) камайди. Табиий-илмий саводхонлик бўйича натижаларда катта ўзгариш кузатилмади. Муаллифларнинг хулосасига кўра, бунинг сабаби фақатгина пандемия билан боғлиқ эмас, чунки пасайиш тенденцияси PISA`нинг аввалги циклларида ҳам кузатилган.

Ўзбекистоннинг натижалари

Тадқиқотда Ўзбекистондаги 202 мактабдан 7200 дан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Мамлакат ҳар уч йўналиш бўйича ҳам охирги ўнталикдан жой олди: математик саводхонлик — 364 балл (тадқиқотда иштирок этган давлатлар кўрсатган ўртача натижа 472 балл бўлди), ўқиш саводхонлиги — 336 балл (476 балл), табиий-илмий саводхонлик бўйича — 355 балл (485 балл). Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон 2030 йилгача PISA натижалари бўйича топ-30 давлат қаторига киришни режалаштирмоқда.

Тадқиқот саводхонликнинг ҳар бир йўналишида малакани 6 та даражада аниқлайди, улардан иккинчиси оддий кундалик муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган базавий кўникмалар ҳисобланади.

  • Математик саводхонлик бўйича Ўзбекистон мактаблари ўқувчиларининг атиги 14,4 фоизи 2-даражага, 4,2 фоизи 3-даражага ва 0,7 фоизи 4-даражагача етиб борган. Қатнашганлар орасида математикани 5 ва 6-даражада биладиган ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари топилмади.
  • Ўқиш саводхонлиги бўйича: ўқувчиларнинг атиги 12,2 фоизи 2-даражага, 1,8% — 3-даражага ва 0,1% — 4-даражага эришди.
  • Табиий-илмий саводхонлик бўйича: 16,5% 2-даражага, 2,2% 3-даражага ва 0,1% 4-даражага етди.

Умуман олганда, ўқувчиларнинг 60% дан ортиғи саводхонликнинг учта йўналиши (ўқиш, математика, табиий-илмий) бўйича минимал даражага (2-даража) ҳам эриша олмади.

Сингапур (487 балл), Япония (450 балл) ва Эстония (427 балл) каби мамлакатларнинг энг кам таъминланган ўқувчилари (халқаро ўлчовлар бўйича ижтимоий-иқтисодий мақомда энг ёмон 20 фоизлик) математикадан Ўзбекистоннинг энг фаровон ҳаёт кечираётган ўқувчиларидан (халқаро стандартлар бўйича ижтимоий-иқтисодий мақомда энг яхши 20 фоизлик) яхшироқ натижаларга эришди (386 балл).

Гендерлараро фарқ: Ўғил болалар математикадан, қизлар эса ўқишдан яхшироқ балл тўплаган. Математикада паст натижаларга эришган қизлар улуши юқорироқ (қизлар учун 83% ва ўғил болалар учун 78%), ўқишда эса аксинча (қизлар учун 84% ва ўғил болалар учун 88%). Натижалари минимал даражадан ошиш бўйича ҳар 10 нафар ўғил болага 8 нафардан камроқ қиз тўғри келди.

Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий фарқлар математика натижаларига кучли таъсир кўрсатадиган давлатлар қаторига киради. Бадавлат оилалар фарзандлари (ижтимоий-иқтисодий аҳвол бўйича энг юқори 25 фоизлик) ижтимоий-иқтисодий аҳвол бўйича энг қуйи 25 фоизликдаги болалардан 22 балл кўпроқ тўплади. Шу билан бир қаторда, кам таъминланган оилалардаги болаларнинг тахминан 20 фоизи математика бўйича топ-25% натижага эриша олди.

Тадқиқот, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва математика баллари ўртасида кучли боғлиқликни аниқлади. Ҳафтада бир марта ёки ундан кўпроқ озиқ-овқат сотиб олмаслик академик ютуқларга салбий таъсир қилади. Тадқиқотда иштирок этган ўзбекистонлик қатнашчиларнинг тахминан 30 фоизи ҳафтасига камида бир марта озиқ-овқат сотиб ололмаслигини айтган.

Мактаб ҳаёти:

  • Ўқувчиларнинг 18 фоизи мактабда ўзини ёлғиз ҳис қилади, яна 18 фоизи мактабга боғлиқлигини ҳис қилмайди.
  • Ўқувчиларнинг 10 фоизи ҳаётидан қониқмайди.
  • Ўқувчиларнинг деярли ярми мактабга боришда ёки мактаб ҳудудида ўзларини хавфсиз ҳис қилмайди.
  • 20−25% ўқувчи синфда тартиб-интизом билан боғлиқ муаммоларни қайд этди.
  • Қизларнинг 15 фоизи ва ўғил болаларнинг 19 фоизи мактабда буллинг қурбони бўлган.

Ресурслар:

  • Ўзбекистонда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган ҳар бир ўқувчига ўн йиллик таълим учун тахминан 15 300 доллар (ХҚП — харид қобилияти паритети) сарфланади.
  • Болаларнинг 24 фоизи ўқитувчилар етишмайдиган мактабларда ўқийди.
  • Болаларнинг 28 фоизи малакали ўқитувчилар билан таъминлашда муаммоси бўлган мактабларда ўқийди.

Тадқиқотдаги бошқа хулосалар

Таълим тизимининг хусусиятлари (ижтимоий ва иқтисодий шароитлар, таълим сиёсати) ИҲТТга аъзо бўлмаган мамлакатларда ўқувчиларнинг математика кўрсаткичларига энг кўп таъсир кўрсатди. ИҲТТ аъзоси бўлган мамлакатларда таълим тизими хусусиятларининг таъсири унчалик катта эмас, чунки ижтимоий ва иқтисодий шароитлар ўхшаш. (Ўзбекистон ИҲТТ аъзоси эмас).

Муайян чегарагача (ўн йиллик ўқиш учун ҳар бир ўқувчи учун 75 000 долларгача (ХҚП)) таълим харажатлари ва таълим ютуқлари ўртасида ижобий боғлиқлик мавжуд: мамлакат таълимга қанча кўп маблағ сарфласа, натижа шунчалик яхши бўлади.

Оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, ота-оналарнинг таълим даражаси ва ўқувчиларнинг математикадаги ютуқлари ўртасида мустаҳкам боғлиқлик ҳам аниқланди. Бадавлат оилаларнинг болалари яхшироқ натижа қайд этди. 35−44 ёшдаги аҳолиси кўпроқ олий маълумотга эга бўлган мамлакатлар яхши натижаларни кўрсатди.

Болаларни турли ўқув дастурларига эрта йўналтирадиган мамлакатларда боланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва уларнинг ўқув натижалари ўртасидаги боғлиқлик чуқурлашди.

Мактабгача таълим олган болалар мактабда яхшироқ ўқимоқда.

Юқори натижаларга эришган мамлакатларда мактаблар болаларга уй вазифаларини бажаришлари учун жой ва болаларга ёрдам бериш учун ўқитувчилар билан таъминлайди.

Ота-оналарнинг фарзанди таълим олишида иштирок этиши, фарзандларининг билим олишига қизиқиши болаларнинг ўқув фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Рақамли қурилмалардан ўқув мақсадларида ўртача (кунига бир соатгача) фойдаланиш, шунингдек, уларни ҳордиқ чиқариш учун меъёрида ишлатиш болаларнинг ўқув фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.