Яккасарой ҳокимлиги ҳуқуқшуноси тумандаги мактаб бассейнида вафот этди. Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Маълум бўлишича, 18 апрель куни тушдан сўнг 54 ёшли Яккасарой тумани ҳокимияти хукуқшуноси туманда жойлашган мактабдаги бассейнда чўмилганда аҳволи ёмонлашиб вафот этган.

Kun.uz хабарига кўра, ўша куни ҳокимлик ходимлари учун зиёфат тадбири ўтказилган. Унда спиртли ичимликлар истеъмол қилинган бўлиши мумкин. Тадбир якунлангач, ҳокимнинг икки ўринбосари ҳамда юристи маишатни тумандаги 160-сонли болалар ва ўсмирлар мактабига тегишлилиги айтилаётган бассейнда давом эттиришган. Бассейнда чўмилиш чоғида ҳокимлик юрисконсултининг соғлиги ёмонлашиб, вафот этгани айтилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, 22 апрель куни Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг қарорига кўра марҳум (Нодир Акбаров) билан тузилган меҳнат шартномаси унинг вафот этгани муносабати билан бекор қилинган.

бош прокуратура, вафот этди, яккасарой тумани, ҳокимият хукуқшуноси

Блогер Никита Макаренкога мактаб директорининг маълум қилишича, бассейн мактабга эмас Спорт вазирлигига тегишли бўлган.