Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни ўтган видеоселектор йиғилишида мактаблардаги таълим сифати ҳақида ҳам гапирди.

Президент матбуот котибининг хабар беришича, 2024 йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган.

Лекин математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатди, — дейди давлат раҳбари.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ўқувчиларнинг таълимдаги кўрсаткичларини баҳолаш бўйича халқаро дастур — PISA`нинг 2022 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон ҳар уч йўналиш бўйича ҳам охирги ўнталикдан жой олган: математик саводхонлик — 364 балл (тадқиқотда иштирок этган давлатлар кўрсатган ўртача натижа 472 балл бўлди), ўқиш саводхонлиги — 336 балл (476 балл), табиий-илмий саводхонлик бўйича — 355 балл (485 балл).

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон 2030 йилгача PISA натижалари бўйича топ-30 давлат қаторига киришни режалаштирмоқда.

Видеоселекторда, шунингдек, 500 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилиниб, ҳақиқий билим қай даражада экани аниқланган. Ҳозирда 1−11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларни ярми ҳам «B1» даражага эга бўла олмаётгани кўрсатилди.

Бундан ташқари, айрим ҳудудлардаги малака ошириш марказларининг фаолияти кўринмаётгани қайд этилди.

Йиғилишда мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда Республика илмий-методик маркази ташкил этилган. Шу билан бирга, ўтган ҳафта Лойиҳа офиси ташкил қилинди ва катта илмий-амалий тажрибаси бор ва салоҳиятли кадрлар жамланди.

Марказ ва офисга Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим вазирликлари билан биргаликда:

  • мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш;
  • ўқувчилар билими, таҳлилий, танқидий ва креатив фикрлаши, муаммоларга ечим топиб, амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув методикаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Бунда, тан олинган хорижий дастурлар (A-level, IB каби), ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади. 2024 йилда Президент мактаблари таълим дастури яна мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар уларни моддий-техник базасини яхшилашга масъул бўлади.