10−11 июнь кунлари Австрия пойтахти Вена шаҳрида Жаҳон банки кўмагида ташкил этилган Қирғизистон халқаро энергетика инвестиция форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам иштирок этди, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Форумдан кўзланган мақсад — Қирғизистоннинг энергетика соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишларини намойиш этиш, инвестиция имкониятларини, жумладан, Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини муҳокама қилиш, Марказий Осиёда тоза энергияга ўтишни жадаллаштириш бўйича салоҳиятни намойиш этиш.

Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Австрия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва қатор халқаро молия институтлари вакилларидан иборат 200 га яқин энергетика соҳаси вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Энергетика вазирликлари ўртасида Қамбарота ГЭС-1`ни қуриш ва фойдаланиш лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш тўғрисида уч томонлама битим имзоланди.

Бундан ташқари, энергетика соҳасида, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, Қамбарота ГЭС-1`да сув-энергетика ресурсларидан фойдаланишнинг ўзаро мақбул механизмларини яратиш бўйича келишувга эришилди.

қамбарота гэс-1, қирғизистон энергетика вазирлиги

Форум Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича Мувофиқлаштирувчи донорлик қўмитасини тузиш билан якунланди.

Донор қўмитасининг илк аъзолари қаторига Жаҳон банки, ОПЕК жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқалар кирди.

Қирғизистон ҳукумати «қўмитанинг эшиклари очиқ ва манфаатдор томонлар унга қўшилиши мумкин», деб таъкидлади. Қўмитанинг биринчи йиғилиши шу йилнинг кузида бўлиб ўтади.

Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси тарихи

2021 йил март ойида Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасида «Қамбарота ГЭС-1 қурилиши» инвестиция лойиҳасини ҳамкорликда тайёрлаш тўғрисидаги битим ва ўзаро электр энергияси етказиб бериш бўйича протокол имзоланган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2022 йил июнь ойида Қамбарота ГЭС-1 қурилишига старт берган. Лойиҳанинг дастлабки ишлари учун 20 млн долларга яқин маблағ ажратилган. Лойиҳанинг Канаданинг SNC-Lavalin International Inc. консорсиуми ва ва Россиянинг «Жанубий энергетика муҳандислик маркази» томонидан ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асосига кўра, ГЭС қурилиши учун 2014 йил нархларида 2,9 млрд доллар талаб этилган. Шунингдек, 13 апрель куни Қирғизистон раҳбари лойиҳа харажатлари 5−6 млрд долларни, ўзини оқлаш муддати эса 13−15 йилни ташкил этишини таъкидлаган.

Бўлажак ГЭСнинг қуввати 1860 МВтни ташкил қилади. ГЭСнинг сув омбори ҳажми 5,4 миллиард куб метр, тўғон баландлиги 256 метр. Станция йилига ўртача 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭСнинг қурилиши 10 йил давом этиши кутилмоқда, жумладан, биринчи гидроагрегат тўрт йилдан сўнг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев 2023 йил январь ойида Бишкек шаҳрида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаганди. Бирмунча вақт ўтгач, қурилиш бўйича инвестиция шартномаси имзоланган.

2024 йил апрель ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича қўшма компания тузиш режалари ҳақида маълумот берилганди. Қиймати 5−6 миллиард долларга баҳоланган лойиҳа амалга оширилгач, станциянинг акциялари ва активлари Қирғизистон мулкига ўтади.