Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида Қамбарота-1 ГЭС қурилиши бўйича сармоявий битим имзоланди, деб хабар берди «Газета.uz»га Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, қурилиш бўйича асосий уч томонлама битим бўйича келишув февраль ойида бўлиши кутилмоқда ва июль ойида имзоланиши мумкин.

Қайд этиш керакки, ёз ойларида одатда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ўтказилади.

Қамбарота ГЭС бўйича лойиҳа офисининг очилиши сентябрь ойида, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ишлари эса 2024 йил июль ойида бошланиши кутилмоқда. Лойиҳанинг аниқ миқдори ана шу техник-иқтисодий асослаш натижалари асосида аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни имзолаган эди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, лойиҳа доирасида 5,4 млрд куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Самарқандда 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги музокаралар чоғида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратган.

Ундан аввал ҳам «Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭС қурилиши» сармоявий лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги битим ва электр энергиясини ўзаро етказиб бериш бўйича протокол имзоланганди.