Ўзбекистонда «президентни интернетда ҳақорат қилгани» учун жиноий жавобгарликка тортилаётган ва қамоққа олинаётган одамлар сони ортиб бормоқда, дея баёнот берди Human Rights Watch. Халқаро ҳуқуқ ташкилоти шу муносабат билан мамлакатни зудлик билан чоралар кўришга чақирди.

Қайд этилишича, «жиноий айблов энг кўпи билан 5 йиллик қамоқ жазосини ўз ичига олади ва халқаро инсон ҳуқуқларини бузади».

«Ўзбекистонда одамлар президент ва бошқа расмийларини очиқчасига, репрессиядан қўрқмасдан танқид қила олиши керак», — дейди Human Rights Watch`нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон. «Ҳукумат зудлик билан „президентни онлайн ҳақорат қилиш“ жиноятини бекор қилиши ва ушбу айблов билан қамалган ҳар қандай шахсни озод қилиш бўйича зудлик билан чоралар кўриши керак», — дейди у.

HRW`нинг ёзишича, жамоат арбобларини танқид қилишни жазоловчи қонунлар халқаро ҳуқуққа зид ва баъзи ифода шакллари ҳақорат сифатида кўрилиши жиноий таъқибларни оқлаш учун етарли эмас.

«Президент ёки бошқа мансабдор шахсларга нисбатан „ҳақорат“ жинояти шунчаки жиноий адлия тизимини ҳукуматнинг уни ранжитган ёки камситган ҳар қандай шахсдан қасос олиш қуролига айлантиради», — деб таъкидланади чақириқда.

Президентни интернетда ҳақоратлаганлик учун жазолашлар

2021 йил март ойида Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш) телекоммуникация тармоқлари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда президентни оммавий ҳақоратлаш ёки туҳмат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи қисм билан тўлдирилган.

Бундан жиноят учун 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.

2021 йил апрель ойида Жиззах вилояти прокуратураси блогер Валижон Калонов (1969 йилда туғилган) YouTube ва Facebook ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка нотўғри талқин қилиб, давлат раҳбарининг обрўсига путур етказиш ва камситувчи маълумотларни тарқатиб келгани ва ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.

Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ўшанда Калонов суд тиббиёт экспертизаси томонидан ақлий носоғлом деб топилгани, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли психиатрия шифохонасига мажбурий даволаш учун юборилганини билдирган.

2022 йил февраль ойида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбланган блогер Собиржон Бобониёзов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У Telegram`даги гуруҳлардан бирида давлат раҳбарларини ҳақоратловчи видео эълон қилгани айтилган. Блогер ушбу ҳаракатларини маст ҳолатда такроран содир этган.

2023 йил октябрь ойида суд Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи 19 ёшли йигитни Instagram`да Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳақоратли фикр ёзгани учун 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилганди. Судья, шунингдек, судланувчининг ушбу ижтимоий тармоқдаги аккаунтини блоклашга қарор қилган. Ўшанда «Газета.uz» мазкур модда бўйича 10 га яқин суд қарорини ўрганиб чиққан ва бу кўп ойлардан буён президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи суд қарори эканини аниқлаган.

Шунингдек, 2024 йил март ойида суд Эрондан қайтган 27 ёшли наманганлик фуқарони Facebook`да президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан туҳмат ва ҳақоратли изоҳлар ёзгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

2024 йил апрель ойида эса суд Самарқанд вилоятида туғилган, Олмалиқ шаҳрида яшовчи 28 ёшли фуқарони президентни ҳақорат қилгани учун 2,5 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилган. Эркак солиқ идоралари уни кўп марта жаримага тортгани учун Instagram`да ғазабланган ҳолда ҳақоратомуз изоҳ ва постлар жойлаганини билдирган.


Абдураҳмон Ташанов, инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раиси:

Менимча, ҳуқуқ амалиётида президент шахсига нисбатан туҳмат ва ҳақорат учун алоҳида жавобгарлик белгилаш шарт эмас. Президент ҳам фуқаро ва айни пайтда давлат хизматчиси. Шу боисдан HRW`даги ҳамкасбларимнинг чақириғи ўринли, деб ҳисоблайман.

Президентни айблов ва жамоатчилик танқиди ва ҳақоратларидан алоҳида тарзда ҳимоя қилишга уриниш авторитаризмдан бошқа нарса эмас.

Гулноз Мамарасулова, Швециядаги инсон ҳуқуқлари бўйича ННТ, «Марказий Осиё уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

Human Rights Watch мақоласини ўқиганимда иккита мулоҳаза туғилди. Биринчиси, ҳақорат қилиш жиноят сифатида қаралиши қораланса, иккинчиси, президент ёки давлат раҳбарларини, амалдорларни танқид қилиш жиноят саналадими-йўқми деган. Ҳақорат, албатта, ҳар қандай жамиятда қабул қилинмас ҳолат ҳисобланади. Лекин танқид — бошқа нарса. Яъни ўринли танқид қилинса, бу жудаям яхши. Бу сўз эркинлигининг амалда жорий этилиши, амалда қўлланиши ҳисобланади. Сўз эркинлиги мавжуд бўлган мамлакатларда ҳар қандай шахс, ҳар қандай амалдор танқид остига олиниши табиий жараён сифатида қаралиши, қабул қилиниши керак.

Фикрим шундайки, ҳар қандай эркин, демократик жамиятларда, хоҳ у давлат раҳбари бўлсин, хоҳ турли мансаб эгаси — бундан қатъи назар, улар ўринли ва конструктив танқидларни қабул қилиши керак. Мана шундай танқидлар ҳақоратга йўйилмаслиги керак.

Давлат раҳбарларини ҳақоратлаш моддалари нафақат Марказий Осиё, балки Европа мамлакатларида ҳам қўлланади. Масалан, Германияда бор бу қонунчилик. Яъни давлат раҳбарларини ҳақоратлашга жиноят сифатида қаралади. Лекин Германия канцлери Ангела Меркель умри давомида бу қонундан фойдаланмаган. Шу сабабли HRW`да ўринли масала кўтарилган. Тушунишимча, ҳақорат эмас, айнан танқид қилганлик учун кимлардир, ёш умрлар (масалан, 19 ёшлисини кўрдик) 5 йилгача бўлган қамоққа ташланиши тўғри иш бўлмаган.

Шуни айтиш керакки, айрим Европа мамлакатларида президентни ҳақоратлашга қарши қонунлар бекор қилинган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, Францияда президентни ҳақоратлашга қарши амалда бўлган қонун 2013 йилда бекор қилинган. Лекин бошқа айрим Европа мамлакатларида давлат раҳбарларини ҳақоратлаш ҳали ҳам жиноят сифатида ишлаб келади, лекин амалда улар ишлатилмайди. Шуниси билан Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги бундай қонунлар фарқланади. Яъни уларнинг амалда ишлатилиши ва ишлатилмаслиги ҳам муҳим.

Майли, бу қонунлар амалда Жиноят кодекси ва жиноят қонунчилигида амал қилса ҳам, буларни қанчалик фаол ишлатиш бу яна юқоридагиларга ҳавола сифатида қолади.

Марказий Осиё мамлакатлари тарихига қарайдиган бўлсак, сўз эркинлигини чеклаш амалиётлари доимий қўлланган. Хусусан, ҳукумдорларни танқид қилган Машраб, Аваз Ўтар, Насимий каби арбоблар ҳам занжирбанд қилиниб, қатағон қилинган. Яъни бу бизнинг тарихимий учун ҳам янгилик эмас. Лекин ҳозирда демократик жамият қурар эканмиз, эркин фикр, конструктив танқид учун кимлардир қамоққа ташланишини оқламаган бўлардим.