3 февраль куни Хоразм вилояти Хазорасп тумани жиноят ишлари бўйича суди блогер Собиржон Бобониёзовни 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича қарор чиқарган. У Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳамда амалдаги президентни ҳақорат қилганликда айбланган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти ННТ раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

«Жиноят иши материалларига кўра, 31 ёшли блогер Telegram ижтимоий тармоғидаги „Блоггерлар бирлашмаси“ номли гуруҳга аъзо бўлиб, мазкур гуруҳда Ўзбекистон Республикасининг собиқ президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақоратловчи ва фаолиятини обрўсизлантирувчи мазмунда тўғридан-тўғри видео материаллар эълон қилган», — дейилади Ташанов постида.

«Ўтган йилнинг 21 апрелидаги суд-лингивистик экспертиза хулосаларига кўра, мазкур материаллар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 158-моддаси 3-қисмида (президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликни ифодалайди», деб ёзади Ташанов.

Айблов хулосасига кўра, блогер мазкур ҳаракатларини оғирлаштирувчи, яъни маст ҳолатда такроран содир этган.

Ушбу жиноятларни қилганликда айбдор деб топилган Собиржон Бобониёзов суд ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. Хазорасп туманининг Бўстон қишлоғида яшовчи блогер жазони манзил колонияда ўташи айтилди.

Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмига 2021 йил март ойида киритилган сўнгги ўзгартиришга мувофиқ, Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хоразм вилоят судининг матбуот котиби «Газета.uz»га берган хабарига кўра, айбланувчи 20 кун давомида суд қарори бўйича апелляцияга бериш ҳуқуқига эга. Шу сабабли, вилоят суди ҳукм қонуний кучга киргач, маълумот беришини таъкидлади.

2021 йил апрель ойида Жиззах вилояти прокуратураси блогер Валижон Калонов (1969 йилда туғилган) YouTube ва Facebook ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка нотўғри талқин қилиб, давлат раҳбарининг обрўсига путр етказиш ва камситувчи маълумотларни тарқатиб келгани ва ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.

Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, Калонов кейинчалик суд тиббиёт экспертизаси томонидан ақлий носоғлом деб топилган. Самарқанд шаҳридаги 1-сонли психиатрия шифохонасига мажбурий даволаш учун юборилган.