Самарқандлик 28 ёшли фуқаро Ўзбекистон президентини ҳақоратлагани учун жазога тортилди. 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Иштихон тумани судининг очиқ суд мажлисида фуқарога ҳукм ўқилди. «Газета.uz» суд қарорини ўрганди.

Иш материалларига кўра, Олмалиқ шаҳрида яшовчи 28 ёшли (Иштихон туманида туғилган, муқаддам судланмаган, оилали, икки фарзанднинг отаси, фармацевтика корхонаси раҳбари) эркак 2023 йил 2 майдан 31 августгача «samopharmrealist9» Instagram аккаунти орқали Шавкат Мирзиёев акс этган тўртта видеолавҳа остида ҳақоратомуз изоҳлар қолдирган. Лавҳалар орасида давлат раҳбарининг хонанда Юлдуз Усмонова билан тушган сурати ва Саида Мирзиёеванинг президентнинг ўзбек халқини пахта қуллигидан халос қилиш орзуси ҳақида гапирган видеоси бор.

Суд қарорида Ўзбекистонда қуйидаги ҳужжатларга асосан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча шарт-шароит яратилгани таъкидланган. Булар:

  • 2016 йил 15 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонун;
  • президентнинг 2017 йил 15 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони;
  • президентнинг 2018 йил 27 июндаги ««Ёшлар — келажагимиз» давлат дастури тўғрисида»ги фармони;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги «Олий таълим ташкилотларида тўлов контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»га қарори;
  • президентнинг 2022 йил 28 январдаги «2022−2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони.

«Шунга қарамасдан, бу шахс ўз айби билан ҳеч нарсага эриша олмаётганида ҳукуматни айбдор қилиш орқали ёшлар онгида сепаратистик фикрни шакллантиришга қаратилган ғояларини илгари сурган… қўпол ва уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, амалда исботи бўлмаган, туҳматдан иборат постлар қолдирган…», дейилади суд ҳукмномасида.

Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Унинг айтишича, Тошкент вилоятида дорихона очиб фаолият юритган вақтида солиқ инспекцияси ходимлари кўп маротаба унга жарима солганидан жаҳли чиқиб, Iпрезидентнинг Instagram`даги видео ва фотосуратларига жаҳл устида хақоратли сўзлар билан турли изоҳларни қолдирган.

Фуқаро судда айбига иқрор бўлди. Суд унга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда фуқаронинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳам ҳисобга олди.

У Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш; 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор деб топилди.

Суд эркакка нисбатан иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жазо Олмалиқ тумани ИИБ пробация гуруҳи томонидан ўз иш жойида ўтаттирилиши белгиланди.

Суд Рақамли технологиялар вазирлигига эркакнинг Instagram аккаунтига киришни чеклашни, шунингдек, Samsung Galaxy A53 телефонини давлат ҳисобига мусодара қилишни топширди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойида Жиноят кодекси телекоммуникация тармоқлари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда президентни оммавий ҳақоратлаш ёки туҳмат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи модда билан тўлдирилган.

2023 йил октябрь ойида суд Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи 19 ёшли йигитни Instagram`да Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳақоратли фикр ёзгани учун 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилганди. Судья, шунингдек, судланувчининг ушбу ижтимоий тармоқдаги аккаунтини блоклашга қарор қилган. Ўшанда «Газета.uz» мазкур модда бўйича 10 га яқин суд қарорини ўрганиб чиққан ва бу кўп ойлардан буён президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи суд қарори эканини аниқлаган.

Шунингдек, 2024 йил март ойида суд Эрондан қайтган 27 ёшли наманганлик фуқарони Facebook`да президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан туҳмат ва ҳақоратли изоҳлар ёзгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилганди.