10 июнь куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги «Ҳисорак» сув омборида фавқулодда ҳолат юз бергани, яқин атрофдаги одамлар уйларини ташлаб кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. 11 июнь куни Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ҳолат юзасидан баёнот берди.

«Тарқалган хабар бўйича зудлик билан жойга республикадан мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ етиб келиб, ҳолат ўрганилди. Бугунги кунда ҳеч қандай фавқулодда вазият содир бўлмагани аниқланди. „Ҳисорак“ сув омбори штат режимида ишлаётгани, ҳақиқатдан ҳам мана бу мутахассислар бу йил об-ҳавони серёмғир келгани ва албатта кунларни исиб кетиб, тоғдаги қорларнинг эриши бир мунча тезлашгани ва ернинг намлиги ошгани „Ҳисорак“ сув омборининг ён бағирларида жойлашган ўзининг йўли билан келаётган сувларнинг бир мунча кўпайиши ҳолати сезилган. Лекин, асосий сув омборининг биронта параметри ўзгарган жойи йўқ, штат режимида ишлаётган бўлган», — деди вазир.

Вазир кеча сув омборида сув ташлаш ишлари амалга оширилганини маълум қилди.

«Куни кеча тепадан келаётган сув бир мунча кўпайганини ҳисобга олиб, бу ерда ҳаммага маълумки, сув омборининг сув ҳажми баланс бериши керак, баланс бериш натижасида сув ташлаш ишлари амалга оширилган. Унинг ҳам ҳисоб китоблари қилинганда 40 куб/секундига ташлангани маълум бўлди. Ваҳоланки, бу сув омборининг лойиҳавий сув ташлаш қобилияти 250 куб/секундга тенг», — деди Абдулла Қўлдошев.

Қўлдошев аҳолини ваҳима қилмасликка чақириб, ишлар олдиндан режалаштирилган тизимда давом этаётганини маълум қилди.

Шунингдек, 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси Шаҳрисабз ҳокими Самад Ҳасанов ҳам сув омбори ҳақида тарқалган хабарлар ёлғон эканини айтиб, аҳолини ҳотиржамликка чақирганди.

10 июнь куни вазирлик тўғоннинг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик-техник тадбирлар вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилганини маълум қилганди.

«Авария оқибатини бартараф этиш мақсадида „Ўзбекгидроэнерго“ АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилган. ФВВнинг қўшимча қилишича, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб борилмоқда», — дейилганди вазирлик хабарида.