10 июнь куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган «Ҳисорак» сув омборидан сув сизиб чиқди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қайд этилишича, тўғоннинг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик-техник тадбирлар вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган.

Авария оқибатини бартараф этиш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилган. ФВВнинг қўшимча қилишича, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб борилмоқда.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Сув омборига шикаст етмаган.

«Ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган», — дейилади хабарда.