Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда «Ҳисорак» сув омборидан сув сизиб чиқиш ҳолати ҳақида ёлғон хабарлар тарқатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

10 июнь куни Шаҳрисабз туманида жойлашган «Ҳисорак» сув омборидаги техник тадбирлар вақтида тўғондан сув сизиб чиққанди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган, сув омборига шикаст етмаган. Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев «Ҳисорак» сув омборида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаганини маълум қилган. У аҳолини ваҳима қилмасликка чақириб, ишлар олдиндан режалаштирилган тизимда давом этаётганини билдирган.

Шунингдек, 11 июнга ўтар кечаси Шаҳрисабз ҳокими Самад Ҳасанов ҳам сув омбори ҳақида тарқалган хабарлар ёлғон эканини айтиб, аҳолини ҳотиржамликка чақирганди.

ИИБнинг ёзишича, интернетда баъзи фуқаролар мазкур ҳолат ҳақида ёлғон ахборот тарқатиб, одамларнинг тинчини бузиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туманида яшовчи Д.У., Н.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 244⁶-моддаси 3-қисми «б» банди (Кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёлғон ахборот тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.