Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистонга ишлаш учун бораётган ва ушбу давлатда бўлиб турган фуқароларни мамлакатда ўтказилаётган ноқонуний миграция бўйича рейдлардан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, 3 июндан Қозоғистоннинг барча ҳудудларида миграция соҳасида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида «Нелегал-2024» рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Жараён давомида мамлакат ҳудудида қонуний бўлиб туриш ва қонуний меҳнат миграцияси тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

«Қонунбузилиш ҳолатлари Олмаота, Остона, Чимкент шаҳарлари ва Мангистау вилоятида кўп учрамоқда. Шу муносабат билан ушбу давлатга бораётган ва бўлиб турган юртдошларимиздан миграция қоидаларига риоя қилиш сўралади», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудудида 30 кун муддатгача бўлиб туриши мумкин. Аммо ушбу давр мобайнида меҳнат фаолиятини амалга ошириши тақиқланади. Ишлаш учун ушбу давлатга борган шахсдан дарҳол ишлаш ва вақтинча яшаш учун рухсатнома олиш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, 8 май куни Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистон, балки Россия ҳудудига киришда ҳам ҳеч қандай тўсиқ йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Сабаби Қозоғистон ва Россия ўртасида маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги шартномалар имзоланган. Шундан сўнг Қозоғистонда Россия қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни ҳам ҳибсга олиш бошлангани хабар берилганди.

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахслар Россия томони мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича якуний қарор қабул қилгунига қадар жазони ижро этиш муассасаларида сақланмоқда.

Ўз навбатида, ТИВ фуқароларга Россия ИИВ Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси веб сайтидан ушбу мамлакатга киришга тақиқ бор ёки йўқлигини текширишни тавсия қилди («Хизматлар» бўлими).