10 июнь куни соат 08:10 атрофида Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги ерости туннелида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, туманнинг Афросиёб ва Шароф Рашидов кўчалари кесишмасида жойлашган туннелда электр симларини туташи кузатилган. Бу пойтахтнинг марказий қисмларида светофорлар фаолиятига таъсир кўрсатгани айтилмоқда.

Воқеа жойига 9 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 08:15 да етиб бориб, соат 09:08 да қуршаб олинган. Ҳодиса соат 09:15 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмади. Воқеа жойига фавқулодда вазиятлар вазири етиб борган, дейилади хабарда.

Тошкент метрополитени матбуот хизматининг маълум қилишича, ёнғиннинг метрополитен тизимига боғлиқлик ҳолати мавжуд эмас. Содир бўлган ҳудуд яқинидаги «Космонавтлар» бекатидаги барча қурилмалар нормал ҳолатда ишламоқда.

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари» компаниясининг соат 10:38 да чиқарган хабарига кўра, ҳодиса 35/10/6 кВли «Ўзбекистон» подстанциясидан чиқувчи кабель тармоғи шикастланиши сабаб юзага келган. Вужудга келган ҳолат бартараф этилгунга қадар истеъмолчилар тўлиқ бошқа тармоққа ўтказилган.

Айни пайтда Яккасарой туманининг Конституция ва Юнус Ражабий маҳаллалари ҳамда Миробод туманининг Абдулла Авлоний ва Ат-Термизий маҳаллаларидаги аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан узилган.

Мазкур вазият сабаблари аниқланмоқда, дейилади хабарда. Адлия вазирлиги эса соат 11:31 да ҳодиса сабабли Давлат хизматларида паспорт ва манзил билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда узилишлар бўлаётганини билдирди.

2023 йил 28 ноябрь куни ҳам ушбу ҳудудда ёнғин чиқиб, атрофни тутун қоплаганди. Ўшанда ҳам кабеллардаги қисқа туташув сабаб бўлгани айтилганди.