28 ноябрь куни тонгда Тошкент шаҳрининг «Космонавтлар» метро бекати яқинидаги ҳудудлар тутун билан қоплангани акс этган видео терқалди.

«Тошкент метрополитени»нинг хабар қилишича, тутунга «Космонавтлар» метро бекати яқинида жойлашган Тошкент электр тармоқларига тегишли электр кабеллардаги қисқа туташув сабаб бўлган. Бу ҳолат масъуллар томонидан тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида бартараф этилган.

Таъкидланишича, юзага келган ушбу ҳолат метрополитен фаолиятига таъсир қилгани йўқ. Метрополитеннинг «Космонавтлар» бекатида барча қурилмалар нормал ҳолатда ишламоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари» маълум қилишича, 110/35/10 кВли «Сайилгоҳ» подстанциясидан чиқувчи 35 кВ кучланишли кабель тармоғи шикастланган.

Вужудга келган ҳолат бартараф этилгунга қадар истеъмолчилар тўлиқ бошқа тармоққа ўтказилган. Шунингдек, «ХЭТ» электр энергияси таъминотидан узилишлар йўқлиги қайд этди.

Бироқ ҳудуддаги айрим уйлар аҳолиси «Газета.uz»га электр таъминоти ўчгани ва ҳали тикланмаганини маълум қилди.