7 июнь куни БМТ Бош ассамблеяси Хитой ва Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган «Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни» резолюциясини бир овоздан маъқуллади, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Цивилизациялар хилма-хиллиги қадриятини англаш, мулоқот, ўзаро ҳурмат ва глобал бирдамликни ривожлантириш мақсадида 10 июнни Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Резолюцияга БМТга аъзо 80 дан ортиқ давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча давлатлари, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Баҳрайн, Венгрия, Миср, Индонезия, Эрон, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони, Малайзия, БАА, Покистон, Россия ва Туркия томонидан ҳаммуаллифлик қилинган.

«Ҳужжат Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси (2023 йил) ва ШҲТнинг Самарқанд саммитида (2022 йил) умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик руҳини юксалтириш зарурлиги, конструктив ҳамкорликка интилиш, шунингдек, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш учун халқаро ҳамжамиятларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш тўғрисида билдирилган қарашларини концептуал тарзда акс эттиради», — дейилади ТИВ хабарида.

Резолюцияда барча маданиятлар ва цивилизацияларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланади ҳамда дунёдаги диний ва маданий хилма-хилликнинг аҳамияти эътироф этилади. Турли маданиятлар ва цивилизациялар ўртасида бағрикенглик, ҳурмат, мулоқот ва ҳамкорлик рағбатлантирилади.