10 июнь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга доир йиғилишда электр энергиясини ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Шерзод Асадовнинг ёзишича, барча генерация манбалари ҳисобидан жорий йилда 4 гигаваттлик электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган — 11 та қуёш ва 3 та шамол станцияси шулар жумласидан.

Бундан ташқари, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанция капитал таъмирланади, 595 километр электр тармоғи ва 4 та янги подстанция ишга туширилади.

Президент ИЭСлар барқарор ишлаши зарурлигини, аҳоли ва ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун жорий йилда кўмир қазиб чиқаришни янада кўпайтириш ва бу борада 8 миллион тонналик кўрсаткичга интилиш кераклигини қайд этди.

Хабарда айтилишича, мазут ва кўмир икки йилга бождан озод қилинади. Кўмир импорти учун уч йил муддатга револьвер кредитлар берилади.

Мутасаддилар ва ҳокимлар олдига яқин муддатда аҳоли ва ижтимоий соҳа учун 1 миллион 200 минг тонна, йил якунигача яна шунча кўмир етказиб бериш, 1 октябргача 600 минг тонна кўмир ва 350 минг тонна мазут захирасини яратиш вазифаси қўйилди.

Иқтисодий луғатларда изоҳланишича, револьвер кредит — миллий ва жаҳон молия бозорларида энг кенг тарқалган ҳамда тикланиб турадиган кредит тури ҳисобланади. У бу борада банк билан битим тузганларга қўшимча музокараларсиз, келишилган қарз лимити доирасида ва тўлов муддатларида автоматик тарзда берилади. Яъни мижоз тузилган шартнома асосида банк лимити доирасидаги кредит миқдоридан фойдаланади ва у қайтарилиши билан шу суммадаги янги қарзни олади.