6 июнь куни Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербургдаги хорижий ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувида мамлакатда империалистик амбициялар йўқлигини маълум қилди ва буни Ўзбекистон мисолида тушунтирди.

Франциянинг Agence France-Presse агентлигининг Европа маълумотлари бош муҳаррири Карим Тальби президент орқасида учта байроқ: ҳозирги Россия, Россия империяси ва Совет Иттифоқи байроқлари ўрнатилганига эътибор қаратди, унда Россия империяси байроғи энг юқорида жойлашганди. Журналист қайси байроқ «Путиннинг юрагига яқинроқ» эканини сўради.

Президент РФ расмий байроғи, деб жавоб берди. Шу билан бирга, СССР байроғи ҳам «тарихимизда ва жамоат онгимизда мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга», деди у.

РФ раҳбарининг қўшимча қилишича, учта байроқ ўрнатиш «ҳукуматнинг ҳам, президент маъмуриятининг ҳам сиёсий қарори эмас. Бу, қанчалик ғалати туюлмасин, «Газпром»нинг қарори» (учрашув Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида «Газпром» штаб-квартираси жойлашган Лахта маркази мажмуасида бўлиб ўтди).

Путин, шунингдек, Россияда империалистик амбициялар йўқлигини таъкидлаб, буни ўзи май ойининг охирида ташриф буюрган Ўзбекистон мисолида тушунтиришга ҳаракат қилди.

«Мана, Ўзбекистон. Биласизми, у ерда қанча одам бор? Билмайсиз. Ҳозир Францияда қанча одам яшайди?» — сўради Владимир Путин.

«Кўп», — деб жавоб берди журналист.

«Жуда кўп. 60 миллион, тўғрими? 65. Ўзбекистонда — аллақачон 37. Диққат ҳозир „экранга қаратилган“: ҳар йили плюсь бир миллион. Миллион — Ўзбекистон аҳолисининг ўсиши. Бу суръатда улар тез орада Францияни ортда қолдиради. Агар мигрантларни айириб ташласангиз, тез орада Францияда Ўзбекистондаги каби рақамга эга бўласиз», — деди Россия президенти.

«Энди сабабини тушунтираман. Агар кимдир бизни қандайдир империалистик амбицияларда гумон қилса, тасаввур қилинг: Совет Иттифоқини тикласак, бизда асосан исломий аҳоли бўлади. Бу ҳеч сизнинг хаёлингизга келганми?» — сўради у.

«Йўқ жойдан мавжуд бўлмаган нарсани ихтиро қилиш шарт эмас. Биз исломий аҳолининг кўпайишига қарши эмасмиз, аксинча, биз Россия Федерациясида содир бўлаётган воқеалардан хурсандмиз. Аҳолиси асосан исломий бўлган айрим республикаларимизда туғилиш кўрсаткичи жуда яхши — биз бундан жуда хурсандмиз. Лекин нима бўлган бўлса, ҳаммаси ўтиб кетди, янги саҳифа келди. Биз келажакка бугунги воқеликдан келиб чиқиб қараймиз. Сиз кўрган байроқлар тарихимизнинг бир қисми. Бу ғоялар асосида Россия ҳақида ҳеч нарса ўйлаб топиш ва фикр шакллантириш керак эмас, Россиядан душман образи яратиш керак эмас — бу билан фақат ўзингизга зарар келтирасиз, тушундингизми?» — деди Владимир Путин.

Берлиндаги Карнеги номидаги Россия ва Евросиё тадқиқотлари маркази илмий ходими Темур Умуров Владимир Путиннинг бу баёнотига изоҳ берди.

«Бундан чиқди, Россия раҳбарининг мантиғи шундай: СССРни баъзи собиқ республикаларда исломий аҳоли сони кўплиги ва ўсиб бораётгани сабаб тиклаб бўлмайди. Аммо бундай эмас: СССРни барча собиқ совет республикалари қирқ йилдан бери мустақил экани, ўз сиёсий режимлари ва жамиятларига эгалиги, уларнинг ўзи иттифоққа қайтишни истамаслиги сабаб тиклаб бўлмайди. Ўзингиз хулоса чиқаринг», — деб ёзди у Telegram`даги каналида.

  • Декабрь ойида «Адолатли Россия» партияси ҳамраиси Захар Прилепин «мигрантлар муаммоси»ни ҳал қилиш учун Ўзбекистон ва собиқ СССРнинг бошқа ҳудудларини РФ таркибига қўшиб олиш ва уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурган эди. Ўшанда собиқ депутат Расул Кушербаев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигидан Россия томонига норозилик нотаси юборишни сўраган, депутат Бобур Бекмуродов эса бундай баёнотлар учун жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатган.
  • Сентябрь ойида россиялик депутат Евгений Федоров собиқ иттифоқ республикалари СССРдан ноқонуний равишда ажралиб чиққани, бунда Россиянинг ҳудудий манфаатлари бузилгани, шу сабабли улар билан курашиш кераклигини айтганди. Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари бу ҳақда киноя билан шундай деди: «Навбатдаги фантазёр».