Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида янги лойиҳа асосида таъмирланган автомобиль йўлини кўздан кечирди.

Бухоро вилоятида 15,5 минг км автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 486 километри халқаро аҳамиятга эга. Уларда кунига ўртача 45−50 мингта транспорт воситалари ҳаракатланади.

Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши автомобиль йўлининг Қоракўл туманидан ўтган бир қисми «намунавий шаклга келтирилди». Давлат раҳбари 29 январда ўтказган видеоселектор йиғилишида йўлларни сифатли қуриш, кўчалар бўйида хизматларни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берганди.

Лойиҳага кўра, 19 метр бўлган 4 тасмали йўл янгича қатламли асфальт-бетон билан қопланган, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

йўллар

Масалан, ҳозирги анъанавий асфальт йўллар 15 йил атрофида қайта қурилса, янги лойиҳа бўйича 20 йилгача хизмат қилади. Уларни жорий таъмирлаш оралиғи ҳам узаяди. Яна бир самарали томони — таъмирлаш жараёнида йўл қатламларини ўша жойнинг ўзида қайта ишлаб, янгилаш мумкин бўлади.

Давлат раҳбари лойиҳани янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. «Асосий вазифа — йўлларда сифат ва маданиятни таъминлаш», — деди Шавкат Мирзиёев.

йўллар

Бу ерда ёндош шохобча йўл ҳам қурилган. Янги белгилар, электрон табло ва қуёш панелли ёритиш чироқлари ўрнатилган. Йўл бўйига манзарали дарахт кўчатлари экилган.

Президент дарахт экиш йўл қурилиши билан бирга олиб борилиши шарт эканини таъкидлади.

Илгари бир йилда ўртача 250−300 км йўл ишлари бажарилган бўлса, биргина 2023 йилда 1255 км йўллар таъмирланган. Бу йил ҳудуд бўйича 1316 км йўлни реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган, дейилади хабарда.

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов Ўзбекистонда 4 минг километрга яқин халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари борлигини маълум қилди. Ушбу йўлларнинг аксарияти оғирлиги 8 тоннадан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари учун мўлжалланган, аммо уларда оғирлиги 15 тоннадан ортиқ юк машиналари ҳам ҳаракатланади.

йўллар

«Бу йўлларни қанчалик сифатли қурмайлик, тез бузилишга, умрини қисқаришига сабабчи бўляпти… Осиё тараққиёт банкидан 240 млн долларликимтиёзли жалб қилинган маблағлар ҳисобига цемент-бетон қопламали йўлларни қуришни бошладик. Йил якунига қадар барча вилоятларимизда оммавий тарзда шундай йўллар қуришни бошлаймиз», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида ОТБ иштирокида Қорақалпоғистон ва вилоятларнинг 86 та туманида 841 километр йўллар цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади. Бу манзилларга 770 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 272 та маҳалла киради.

Йўл сифатини сақлаб қолиш учун вақти-вақти билан рухсат этилган чегарадан ортиқ юк олиб кетаётган транспорт воситаларининг оғирлигини ўлчайдиган кўчма тарозилар ўрнатилади. Тақдимотда айтилишича, Словакиянинг Betamont компаниясидан 8,4 млн еврога (жумладан, 2,2 млн евро грант) 14 та тарози харид қилинган.

Айни пайтда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу йўлининг Қашқадарё вилояти билан чегарасигача бўлган 78 километри реконструкция қилинмоқда.

йўллар

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, мазкур банк билан Ғиждувон туманидан Туркманистон билан чегарагача бўлган 155 километрлик автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳасини ҳам тасдиқлади.