Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги 700 километрлик қишлоқ йўлларида транспорт алоқасини яхшилаш, қишлоқ тараққиётига кўмаклашиш мақсадида хавфсизроқ ва иқлим ўзгаришига чидамлироқ қилиш учун 240 миллион доллар миқдорида қарз ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz»га банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар қилди.

Лойиҳа 2030-йилгача бўлган Қишлоқ йўлларини ривожлантириш миллий стратегияга ва 2035-йилгача бўлган Қишлоқ йўллари стратегиясига мувофиқ бўлиб, ҳукуматнинг Қишлоқ йўлларини ривожлантириш дастурини олдинга силжитиш имконини берадиган асосий ташаббус ҳисобланади.

Асосий эътибор 12 вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасидаги маҳаллий ва хўжаликлараро қишлоқ йўлларига қаратилади. Яхшилашлар қирғоқлар, кўприклар, сув ўтказгичлар ва дренаж тизимларини кучайтириш орқали транспорт қатнови сиғими, сифати, алоқа, хавфсизлик ва иқлимга чидамлиликни оширади.

«Денгиздан икки давлат билан ажратилган Ўзбекистон аҳолисининг қарийб ярми қишлоқ хўжалиги асосий тирикчилик манбаи бўлган қишлоқ жойларда истиқомат қилаётгани учун алоқа жуда муҳим аҳамият касб этади. Хавфсиз, ишончли ва иқлимга чидамли қишлоқ йўллари орқали қишлоқ жамоалари, бозорлар ва хизматлар ўртасидаги алоқани сақлаб қолиш инклюзив ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш учун муҳим аҳамиятга эга», — деди банкнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Лойиҳа Ўзбекистон ва МДҲда илғор ташаббус бўлиб, қишлоқ аҳоли пунктлари ва фермерларга бозорлар, мактаблар, соғлиқни сақлаш хизматлари ва туман марказларига ҳар қандай об-ҳаво шароитида бориш имконини беради. ОТБ қишлоқ йўлларини барқарор сақлаш учун ҳам Автомобиль йўллари қўмитаси, ҳам маҳаллий ҳокимият органларининг оператив салоҳиятини кучайтиришга ёрдам беради.

«Биз қарорлар қабул қилиш ва режалаштириш имкониятларини яхшилаш учун интернетга ва географик ахборот тизимига асосланган қишлоқ йўллари активларини бошқариш тизимини жорий қилишда қўллаб-қувватлаймиз», — деди ОТБнинг транспорт бўйича катта мутахассиси О. Ёнкун.

Бозорларга кириш имкониятини ошириш ва иқтисодий имкониятларнинг яхшиланишидан фойда олиш учун лойиҳа қишлоқ аёлларига барқарор қишлоқ хўжалиги ва иқлим ўзгаришига чидамли амалиётларни ўргатиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Тадбиркорлик ва тирикчилик кўникмаларини ўргатиш мақсадида аҳоли пунктларини ривожлантириш муассасалари модернизация қилинади ва гендер зўравонлик ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 1995-йилдан буён шу пайтга қадар банк Ўзбекистонга 10,8 млрд доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.