Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 86 та туманда «Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш» лойиҳаси ишга тушади. Бу бўйича 2 апрель куни Шавкат Мирзиёев автомобиль йўллари қурилишига оид режалар тақдимоти билан танишди.

Лойиҳа учун Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) 240 млн доллар қарз маблағи йўналтирилади. Қурилиш ҳамда техник назорат ишлар тўлиқ маҳаллий пудратчилар, хусусий тадбиркорлар ва маҳаллий муҳандислар томонидан бажарилади. Йўллар фойдаланишга қабул қилингандан сўнг бош пудратчи томонидан 5 йил давомида кафолатли соз ҳолатда сақланади ва эксплуатация қилинади.

Лойиҳа доирасида республикадаги 86 та туманда 841 километр йўллар цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади. Бу манзилларга 770 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 272 та маҳалла киради.

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов.Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов.

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида ҳар бир қурилган 1 км йўлда камида 2−10 қаторгача 2 км дарахт экилиши вазифаси берилганини айтди. 5 йилдан кейин йўллар атрофи кўкаламзорлашади. Бу экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади, деди у. Шунингдек, қўмита раҳбари ОТБ билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятидаги таъмирталаб магистрал йўлни реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида гапириб, уни президент қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.

«Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидан ўтган магистрал йўлимиз бугунги кунда жуда таъмирталаб аҳволда эди. Мана шу йўлни ҳам реконструкция қилиш тақдимоти президент томонлардан қўллаб-қувватланди. Мана шу 60 км йўлда, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда кафолат беряпмизки, 120 км узунликдаги йўлларнинг 2 томонини ободонлаштириб, яшил белбоғлар барпо этамиз», — деди Жамшид Турсунов.