13 июнь куни Тошкентда Asia Connect: Aviation Strategy авиаконференцияси очилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё мамлакатларида фаолият юритувчи авиакомпаниялар, аэропортлар, хизмат кўрсатувчилар ва авиация назорати органларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Анжуманда Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева ҳам сўзга чиқди.

«Биз ҳозирда Урганч аэропортини модернизация қилиш ва ривожлантириш, ҳаттоки амалда янгисини қуриш, шунингдек, Бухоро аэропортини реконструкция қилиш бўйича иккита лойиҳани тайёрладик. Катта эҳтимол билан, бу — хусусий шерикларни танлаш бўйича танловлар кузда бўлади», деди у.

Раъно Жўраева Самарқанд аэропортини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ривожлантириш тажрибаси асосида иккита янги лойиҳа тайёрлангани ва амалга оширилишини таъкидлади.

«Фарғона водийсидаги аэропортларни ривожлантириш бўйича ҳам бир қанча лойиҳалар тайёрладик. Биз ҳозир Тошкент аэропортини ривожлантириш билан яқиндан шуғулланяпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Uzbekistan Airports раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон аэропортлари инфратузилмасини ривожлантиришга 200 млн доллардан ортиқ сармоя йўналтирилганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонга 58 та авиакомпания парвоз қилмоқда, йўловчиларнинг транзит оқими ҳам ортиб бормоқда, улар ўзлари учун мамлакат аэропортларида қулай туташ рейсларни кўришмоқда.