Қозоғистон «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқарди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) мамлакатлари парламентлари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди.

Мамлакат масалага замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ва бу режим узоқ муддатли омил эканини англаган ҳолда ёндошди, деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Шунингдек, давлат раҳбари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати 2021 йил августида АҚШ ва унинг иттифоқчилари мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан сўнг Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатган эди.

Ўшанда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу воқеани қуйидагича изоҳлаган: «Булар [толиблар — таҳр] билан бугун ё кеча эмас, икки йил олдин — ҳали ҳеч қайси давлатлар улар билан гаплашмаганда (мулоқотни бошлагандик)».

«Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар мулоқотга киришишга тайёрман», — дея қўшимча қилганди давлат раҳбари.

Бироқ Ўзбекистон, халқаро ҳамжамият сингари, «Толибон»дан Доҳа келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни, жумладан, Афғонистоннинг барча ички сиёсий кучларини жалб қилган ҳолда ҳукумат тузиш, фундаментал инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мамлакат ҳудудида террористик кучлар фаолиятини олдини олишни кутган эди.

Ўтган йилнинг декабрида Қозоғистон ҳукумати «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.