Тошкент «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган Афғонистоннинг муваққат ҳукуматини тан олиш учун ҳозирча имконият кўрмаяпти. Бу ҳақда чоршанба куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «афғон сиёсий майдонида муҳим рол ўйнайдиган» халқаро ҳамжамиятнинг асосий иштирокчилари билан биргаликда бу масала бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар амалга оширилади.

«Қайсидир бир давлатнинг яқин шериклари билан ўзаро келишувсиз бундай қарорни қабул қилади, деб ўйламайман. Хусусан, ҳозирча мен янги ҳукуматни тан олишнинг сабаб ва имкониятларини кўрмаяпман. Ўйлайманки, бу ўзаро ҳамжиҳатликда, халқаро ҳамжамиятнинг асосий иштирокчилари билан келишилган ҳолда амалга оширилади», — деди у Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг «Москва формати» учинчи учрашуви майдончасида Sputnik`ка берган интервьюсида.

Ўзбекистон президентининг махсус вакили ҳокимиятни тан олиш шартлари аллақачон тилга олинганини эслатиб ўтди.

«Бу толибларнинг АҚШ билан тузилган шартнома (Доҳа келишуви — таҳр.) доирасида зиммаларига олган мажбуриятлари ҳамда ҳукуматга келишлари чоғида берган Афғонистоннинг барча ички сиёсий кучларини жалб қилган ҳолда кенг миқёсли ҳукумат тузиш бўйича ваъдаларининг бажарилишидир. Бу, эҳтимол, инсон ва аёлларнинг асосий ҳуқуқларини таъминлашдир. Бу, албатта, Афғонистон ҳудудини халқаро террорчилик ташкилотларининг ўзига хос марказига айлантириш имкониятини истисно қилишдир», — деди у.

Исматулла Иргашев «Москва формати»даги учрашув кун тартиби ҳақида гапирар экан, мамлакат қиш арафасида гуманитар инқироз ёқасида турган пайтда афғон халқига ёрдам бериш муҳим масалага айланади, деди.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарлари билан музокара ўтказди. 16 октябрь куни эса Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги афғон делегацияси Термизга ташриф буюрди. Томонлар ҳамкорликнинг бир неча йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар туздилар. 10 кун ичида «йўл харитаси»ни тайёрлаш ва уни икки давлат раҳбарларига тақдим этиш режалаштирилган.

11 октябрь куни Шавкат Мирзиёев ҳар куни унга Афғонистон билан чегарадаги вазият ҳақида маълумот беришларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон жафокаш афғон халқига қўлидан келганча ёрдам беришга тайёр. «Бизнинг ягона мақсадимиз — Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмасин», — дея таъкидлади президент.