Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили республика президенти Саломе Зурабишвили вето қўйган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Медуза» ёзмоқда. Ҳужжат имзолангандан кейин дарҳол кучга киради.

«Хорижий агентликлар тўғрисида»ги қонун

Қонун «хорижий агентлар» реестрини яратишни назарда тутади, унда 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари кўрсатилади. Ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси уни икки марта парламентга киритган. 2023 йил март ойида, биринчи марта жорий қилинганидан сўнг, у кўплаб норозиликлар туфайли бекор қилинганди. Бироқ 2024 йил апрель ойида «Грузия орзуси» уни қайта киритган.

Май ойи охирида Грузия парламенти мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг «хорижий агентлар тўғрисида»ги резонансли қонунга қўйган ветосини четлаб ўтганди. Ҳукмрон партия оммавий норозиликларга қарамай, ҳужжатни қабул қилган. Европа Иттифоқи эса бундан «чуқур афсусдалигини» билдирганди.

Оммавий норозиликларга қарамай, 14 май куни Грузия парламенти «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Ҳукмрон партия иккинчи уринишда ҳужжатни қабул қилдиришга муваффақ бўлди. 2023 йили жамоатчилик танқиди ва кўплаб митинглар ортидан расмийлар уни қайтариб олишга мажбур бўлганди.

Мухолифат вакиллари ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ушбу ҳужжатни Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунчилигига ўхшашлиги учун «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун деб атамоқда. Уларнинг таъкидлашича, қонун Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини йўққа чиқаришга уриниш ҳисобланади. Намойишлардаги асосий шиор «Европага — ҳа. Россия қонунларига — Йўқ», бўлди.

Ўз навбатида, «Грузия орзуси» партиясидан бўлган мамлакат бош вазири Иракли Кобахидзе қонун грант олувчиларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш учун зарурлигини айтган.

Европа Иттифоқи ва АҚШнинг муносабати

Европа Иттифоқи Грузия парламентининг президентнинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунга қўйган ветосини четлаб ўтганидан «чуқур афсусда» эканини билдирди. Баёнотда айтилишича, қонун Европа Иттифоқининг асосий тамойиллари ва қадриятларига зид ва бу Грузиянинг ЕИга бўлган йўлига «салбий таъсир кўрсатади». Европа Иттифоқи ва унинг аъзолари «ушбу воқеаларга жавоб беришнинг барча вариантларини кўриб чиқмоқда», дейилади баёнотда.

Financial Times маълумотларига кўра, Европа Иттифоқининг айрим давлатлари Грузияга қарши санксиялар жорий этиш ҳақида ўйламоқда. Мумкин бўлган вариантлар орасида Грузия фуқаролари учун ЕИда визасиз режимни бекор қилиш (2017 йилдан бери амалда), нуқтали санксиялар ва ЕИ фондлари маблағларини музлатиш каби чоралар бор.

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ қонун қабул қилинишига жавобан Грузиядаги «демократияга путур етказиш»да айбдор шахсларга нисбатан виза чекловлари жорий этилаётганини эълон қилганди. Вашингтон, шунингдек, Қўшма Штатлар ва Грузия ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама кўриб чиқиш жараёнини бошлаб юборган.