Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари яқинда қабул қилинган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун туфайли Грузияга қарши санкциялар жорий этишни талаб қилмоқда, деб ёзди Financial Times (FT).

«Европа Иттифоқига киришга номзод мамлакат Грузия Брюсселнинг огоҳлантиришларига ва бир неча ойлик кўча намойишларига эътибор қилмай, Россияда амалда бўлган қонунга ўхшаш мунозарали қонунни илгари сурмоқда, бу эса четдан молиялаштирилган оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларини давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилади», — дейилади материалда.

Эстония, Нидерландия, Чехия ва Швеция ЕИ ташқи ишлар вазирларининг май ойи охирида бўлиб ўтадиган йиғилишида чекловчи чораларни муҳокама қилишни бошлайди, дея қайд этади FT ўз манбаларга таяниб. Эҳтимолий вариантлар орасида Грузия фуқаролари учун ЕИда визасиз режимни бекор қилиш (2017 йилдан бери амалда), мақсадли санкциялар ва ЕИ фондлари маблағларини музлатиш бор.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг айрим аъзолари визасиз режимнинг тўхтатилиши «нохуш оқибатларга олиб келиши»дан хавотирда, деб ёзади нашр. «Нотўғри одамларни нишонга олишдан эҳтиёт бўлиш керак», — деди европалик дипломатлардан бири газетага.

  • 14 май куни Грузия парламенти «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни охирги ўқишда маъқуллади. Ҳужжат мамлакатда апрель ойи ўрталаридан бери давом этаётган оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Мухолифат вакиллари ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг фикрича, қонун «хорижий агентлар» тўғрисидаги Россия қонунчилигини такрорлайди ва мамлакатдаги демократияга путур етказиши ва унинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини издан чиқариши мумкин.
  • Ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси қонунни иккинчи бор парламент муҳокамасига олиб чиқди. Лойиҳа 2023 йилнинг февралида кўриб чиқилган, бироқ норозиликлар туфайли қайтариб олинган.
  • Ҳужжат 20 фоиздан кўпроқ маблағни хориждан олаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини «хорижий давлат манфаатларига хизмат қилувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди. Грузия бош вазири Иракли Кобахидзенинг фикрича, қонун грант олувчиларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш учун зарур.