Апрель ойида Ўзбекистоннинг энг йирик солиқ тўловчиларидан бўлган «Ўзтрансгаз» компаниясининг солиқ тушумлари март ойидагига нисбатан 6,6 бараварга камайди. Бу Давлат солиқ қўмитасининг топ-20 солиқ тўловчилар бўйича берган маълумотларидан келиб чиқади.

Январь-апрель ойларида компания 351,1 млрд сўм солиқ тўлаган ва бу кўрсаткич бўйича мамлакатнинг давлат улуши мавжуд корхоналари орасида 9-ўринни эгаллаган. Бу 2023 йилнинг шу даврига (614,2 млрд. сўм) нисбатан 1,8 баробар кам. Жумладан, компания:

Январда 117,9 млрд сўм (2023 январида 195,5 млрд сўм);

Февралда 86,7 млрд сўм (260,86 млрд сўм);

Мартда 127,3 млрд сўм (83,9 млрд сўм);

Апрелда 19,2 млрд сўм (52,1 млрд сўм) солиқ тўлаган.

солиқ тушумлари, ўзтрансгаз

Инфографика: Давлат солиқ қўмитасиИнфографика: Давлат солиқ қўмитаси

Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, тушумларнинг асосий қисми қўшилган қиймат солиғига тўғри келади — 2023 йилнинг январь-апрель ойларида 500,1 млрд сўм ва 2024 йилнинг шу даврида 312,6 млрд сўм.

солиқ тушумлари, ўзтрансгаз

Апрелда компаниянинг давлат бюджетига ҚҚС бўйича тўловлари мартдаги 127,4 млрд сўмга нисбатан 19,3 млрд сўмгача тушиб кетди (2023 йил апрелида 63,2 млрд сўм бўлган). Ўтган ойда «Ўзтрансгаз» ер, мулк, сув, фойда, акциз, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўламаган. Шунингдек, компанияга 146 млрд сўм жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қайтарилган.

Аввалроқ молиячи Отабек Бакиров корхонага 67,5 млрд сўм солиқ қайтарилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Унинг таъкидлашича, январь-март ойлари учун ҳисоботда жами тушум 418,6 млрд сўмни ташкил этган бўлса, бир ойдан кейин бу кўрсаткич 351,1 млрд сўмгача камайиб қолган.

Дастлаб солиқ қўмитаси компания январь-март ойларида 418,6 млрд сўм солиқ тўлагани бўйича маълумот берганди. Лекин кейинчалик Қўмита бу даврда «Ўзтрансгаз»дан бюджетга 418,6 млрд сўм солиқ тушуми кутилгани (прогноз), ҳақиқатда эса 331,9 млрд сўм тўланганини маълум қилди.

Қўмитанинг тушунтиришича, масъул ходимлар эътиборсизлиги сабабли мазкур жамият томонидан ҳақиқатда тўланган эмас, тушиши кутилган солиқ суммаси тақдим этилган.

2016 йилда «Ўзтрансгаз»нинг фойдаси 1,8 трлн сўмни ташкил қилган. Кейинги йилларда компания фақат зарар кўрган: 2017 йил — 1 трлн сўм, 2018 йил — 4,4 трлн сўм, 2019 йил — 4,7 трлн сўм, 2020 йил — 3,5 трлн сўм, 2021 йил — 2,5 трлн 200 млн сўм, 2021 йил — 2,5 трлн 272 млн сўм.

«Газета.uz» компания матбуот хизматига солиқ тушумлари камайиши сабабларини тушунтиришни сўраб, сўров юборди. Компания матбуот хизмати бу бўйича расмий изоҳ берилишини маълум қилди.

«Ўзбекнефтгаз» билан битимлар

Солиқ тушумларининг кескин камайиши «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзтрансгаз» ўртасидаги сўнгги битимлардан сўнг юз берди.

Компания томонидан 29 март куни эълон қилинган корпоратив маълумотларга кўра, «Ўзбекнефтгаз» газни магистрал газ қувурлари орқали транзит қилиш ва ташиш бўйича ягона оператор ҳисобланган «Ўзтрансгаз»нинг 46,8 фоиз улушини 292,8 миллиард сўмга сотиб олган.

Битим биржадан ташқарида тузилган, акциялар номинал қийматда 1000 сўмдан сотилган. Уч кундан сўнг (1 апрель) «Ўзбекнефтгаз» Uz-Kor Gas Chemical ва KPMG Valuation and Consulting қўшма корхонаси билан «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг 1 та оддий акциясини баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан қўшимча шартнома тузган.

3 апрель куни «Ўзбекнефтгаз» газни сотиш бўйича қарз шартномасини имзолади (қуйидаги битимлар билан ўзаро боғлиқ йирик битим: газ сотиш бўйича қарз келишуви доирасида газ қарзи бўйича бош келишув, қарзни бошқа шахсга ўтказиш ва қимматли қоғозларни топшириш бўйича шартнома).

Ушбу битим қиймати 10,02 трлн сўмни ташкил этади (компания соф активларининг 31 фоизи, умумийси — 32,2 трлн сўм). Отабек Бакировнинг фикрича, «Ўзбекнефтгаз» мазкур шартномага кўра, шу суммадаги қарзнинг сотиб олувчисига айланди.

«Демак, иқтисодий мазмуни йўқ ва энергетикадаги аввалги таркибий ислоҳотларга зид молиявий схемага кўра, «Ўзбекнефтгаз» (Uz-Kor Gas Chemical компаниясининг 50 фоизига эгалик қилади, «Ўзтрансгаз»нинг ундан 1 млрд доллар қарзи бор — таҳр.) «Ўзтрансгаз»нинг қарзларидан воз кечмоқда ва унинг акциядорига айланмоқда. Бу ғалати битимдан Uz-Kor Gas Chemical қандай бенефит олаётганини қўшимча ҳужжатларсиз аниқлаб бўлмайди», — деди у.

3 апрель куни «Ўзбекнефтгаз» яна бир битим — 2012 йил 19 майдаги акциядорлик шартномасига қўшимча №7 битимни имзолади, бироқ унинг мазмуни ошкор этилмаган.

«Газета.uz» манбасига кўра, «Ўзбекнефтгаз» «дивидендлар»ни ҳисобга олган ҳолда «Ўзтрансгаз»нинг қарзини ҳисобдан чиқарган, бироқ бу жараён учун захиралар яратилган ёки йўқлиги номаълум.

2023 йил сентябрида Ўзбекистон Жанубий Кореяга Қорақалпоғистондаги Сурғил конидан газ қазиб олувчи Uz-Kor Gas Chemical қўшма газ лойиҳаси бўйича тўланмаган 1 млрд доллар қарзини қоплашга рози бўлганди.

«Ўзтрансгаз» компаниясининг (чет эл компанияларидан газни экспорт нархларида сотиб олиб, ички бозорга арзонлаштирилган нархларда сотувчи) ишлаб чиқарилган газ учун Uz-Kor Gas Chemical компанияси олдида 1 млрд доллар қарзи йиғилиб қолган. Валюта бозори либераллаштирилиб, сўмнинг долларга нисбатан расмий курси 2 баробарга қадрсизланган 2017 йилдан буён валюта тақчиллиги катта бўлишидан хавотирлар туфайли тўловлар амалга оширилмаган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов аввалроқ «Газета.uz»га пайдо бўлаётган тахминларни изоҳлаб, «Ўзтрансгаз»нинг ишончли бошқарувга ўтказилиши эҳтимоли ҳақида эшитмаганини айтганди.