2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги бўлиб қолмоқда, бироқ Россия бу мақомни қайтаришга яқин турибди. Бу президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганиб чиққан ҳисоботидан келиб чиқади.

Январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 20,87 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 1,16 млрд доллар ёки 5,9 фоизга кўп. Экспорт олтинни ҳисобга олган ҳолда 9 фоизга — 8,49 млрд долларгача, олтинни ҳисобга олмаганда 5,07 млрд долларгача (+7,1 фоиз), импорт эса 12,4 млрд долларгача (+3,9 фоиз) ошди.

Апрель ойида экспорт олтин етказиб бериш ҳисобига 6 фоизга ошди. Олтинни ҳисобга олмаганда, экспорт 7 фоизга камайиб, 1,38 млрд долларни ташкил этди.

Россия билан савдо ҳажми 29,4 фоизга ошди ва 3,84 млрд долларни ташкил этди (2023 йилнинг январь-апрель ойларида ўсиш 15 фоизни ташкил этганди). Тўрт ой ичида Ўзбекистоннинг бу мамлакатга экспорти 1,02 млрд долларга (+25,8 фоиз), импорти эса 2,82 млрд долларга (+30,7 фоиз) етди.

россия, ташқи савдо, ташқи савдо айланмаси, хитой

Россиянинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши йил бошидан буён қуйидагича ўзгарди: январда — 18,3 фоиз, февралда — 17,8 фоиз, мартда — 17,7 фоиз, апрелда — 18,4 фоиз. Бу даврда Хитой улуши 27,2 фоиздан 19 фоизгача, Қозоғистонники 6,5 фоиздан 5,9 фоизгача, Туркияники 5,1 фоиздан 4,4 фоизгача, Жанубий Кореяники 4,3 фоиздан 3,3 фоизгача, Германияники 2,3 фоиздан 1,7 фоизгача камайди.

Россиядан импорт кетма-кет учинчи ойда юқори суръатларда ўсиб бормоқда: февралда 42,4 фоизга (2023 йил февралига нисбатан), мартда 22,5 фоизга, апрелда 46,5 фоизга. Хитой билан савдо айланмаси 18,2 фоизга ошди, бироқ март ойида Хитой товарлари ва хизматлари импорти 8,2 фоизга камайди, апрелда эса атиги 2,37 фоизга ўсди (январь ойида 7,56 фоиз, февралда эса 21 фоиз ўсиш қайд этилган).

Иқтисодчи Миркомил Холбоев эътибор қаратганидек, апрель ойида Россияга экспорт ҳажми 5 бараварга ёки 300,5 млн долларгача (2023 йил апрелига нисбатан), Хитойга экспорт 21,6 фоизга, Қозоғистонга 39,4 фоизга, Туркияга 7 фоизга, Қирғизистонга 36,2 фоизга, Тожикистонга экспорт эса 20,1 фоизга камайган.

Ойлик ҳисобда Қозоғистондан етказиб бериш ҳажми кетма-кет ўнинчи ой пасаймоқда, жумладан, кўрсаткич январда 29,6 фоизга (2023 йил январига нисбатан), февралда 16,7 фоизга, мартда 14,4 фоизга, апрелда 27,3 фоизга камайган.

Умуман олганда, январь-апрель оралиғида Қозоғистон билан савдо ҳажми 1,22 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг (-18,7 фоиз, 1,5 млрд доллар) ва 2022 йилнинг (1,4 млрд доллар) мос давридаги кўрсаткичдан кам ва 2021 йилдаги (1,22 млрд доллар) билан деярли бир хил.

Туркия билан савдо ҳажми 920,2 млн долларгача (-15,8 фоиз), Жанубий Корея билан 695 млн долларгача (-13,3 фоиз), Германия билан 345 млн долларгача (-56,3 фоизга), (ўтган йили самолёт етказиб бериш ҳисобига Германиядан етказиб беришлар ҳажмида кескин ўсиш кузатилганди), Туркманистон билан 288,5 млн долларгача (-8,7 фоиз), Қирғизистон билан 224,2 млн долларгача (-32,4 фоиз), Тожикистон билан эса 198 млн долларгача (-3,4 фоиз) пасайди.

Тўрт ой давомида Франция билан савдо ҳажми 1,5 бараварга ошиб, 386,4 млн долларга етди ва бу орқали мамлакат Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари рўйхатида 10-ўриндан 6-ўринга кўтарилди. Ўсиш, асосан, 264,6 млн долларгача ўсган Ўзбекистон экспорти ҳисобига қайд этилди, бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан (120,6 млн доллар) 2,2 баробар ва 2022 йилдагига нисбатан (64,1 млн доллар) 4,1 баробар кўп ҳисобланади.

россия, ташқи савдо, ташқи савдо айланмаси, хитой

Францияга экспорт ҳажмининг ошишини уран етказиб бериш ҳажмининг ортиши билан изоҳлаш мумкин. Франция президенти Эммануэль Макрон Тошкентга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев билан ушбу масалани, жумладан, Orano компанияси билан биргаликда уран конларида геология-қидирув ишларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистон, АҚШ, Афғонистон, БАА, Чехия, Покистон ва Япония каби мамлакатлар билан товар айланмаси ҳажми ҳам ошиб бормоқда.