Россия президенти Владимир Путин 26−27 май кунлари Ўзбекистон бўлади, деб хабар берди давлат раҳбари ёрдамчиси Юрий Ушаков.

«Ҳозирча айтишим мумкинки, бугун ва эртага (23−24 май) Беларусга, якшанба ва душанба кунлари эса Ўзбекистонга ташриф бўлади», — деган Ушаков («Интерфакс» ундан иқтибос келтирди). Унинг қўшимча қилишича, томонлар бир нечта қўшма ҳужжатлар имзолашни режалаштирмоқда.

Шавкат Мирзиёев февраль ойи охирида россиялик ҳамкасбини мамлакатга таклиф қилганди.

Путин бешинчи президентлик давридаги илк хорижий ташрифини Хитойга амалга оширди. У 16 май куни Пекинга борганди ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан аввал тор, сўнгра кенгайтирилган доирада музокаралар ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилиб, Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш жараёнини муҳокама қилгани ҳақида хабар бергандик.

Тўлдириш

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Россия президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан 26−27 май кунлари мамлакатда бўлишини тасдиқлади.

Бўлажак учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ўрин олган.

Амалий ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, инновацион ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади, дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади.