Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, 48 ёшли Оксана Чусовитина саралаш ўйинлари олдидан олган жароҳати сабабли Парижда ўтадиган Олимпия ўйинларида қатнашмайдиган бўлди. Спортчи бу ҳақда Instagram`даги саҳифасида видеомурожаат қолдирди.

Унинг айтишича, спортчи 24−26 май кунлари Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича аёллар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати бошланиши олдидан машқ бажариш чоғида жароҳат олган.

«Қадрли мухлислар ва гимнастика ишқибозлари, сизга қайғули хабарим бор. Кеча гимнастика бўйича Тошкентда ўтаётган Осиё чемпионати, шу жумладан, Олимпия ўйинларига саралаш мусобақасида машғулотларда жароҳат олдим. Энди бу мусобақада қатнашолмайман. Бундан афсусдаман, чунки мусобақага жуда катта тайёргарлик кўргандим. Катта куч билан қайтгандим. Ўз юртимда мухлислар, жамоатчилик қаршисида мусобақада қатнашишни истагандим. Лекин сиз менинг иштирокимни кўрмайсиз», — дея изоҳ қолдирди спортчи.

Шунингдек, у барчага ўз миннатдорлигини билдириб, мухлислардан жамоадош спортчи қизларни қўллаб-қувватлашга чақирди. «Мен ҳам ўша ерда бўлиб, қизларимизга мухлислик қиламан», — деди Оксана Чусовитина.

Ўзбекистонлик гимнастикачи 2022 йил Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозонганидан сўнг 2024 йилги Париж олимпиадаси ҳақида ўйлаётганини айтганди.

Маълумот учун, у 8 бор Олимпия ўйинларида иштирок этиб, гимнастика тарихи ва «Гиннеснинг рекордлар китоби»га киритилган. Париж-2024 Олимпиадасидаги иштирок унинг рекордини яқин давр ичида яқинлаша олмайдиган қилиб янгилаган бўларди.

2021 йил июль ойида Чусовитина спортдаги фаолиятини якунлагани ҳақида хабар берганди. Ўша йилнинг октябрь ойида эса ўз фаолиятини Ўзбекистон учун медалсиз якунлай олмаслигини таъкидлаб, спортга қайтишини эълон қилган.