Спорт гимнастикаси Ўзбекистон чемпионатида таяниб сакраш дастурида Оксана Чусовитина ғалаба қозонди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Мусобақадан сўнг Оксана Чусовитина Париж-2024 Олимпиадаси ҳақида ўйлаётганини таъкидлади.

«Бу ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрдим ва Осиё ўйинларидан сўнг Париж-2024 Олимпиадасига ҳам тайёрланишга қарор қилдим!», — деган спортчи Олимпия қўмитаси матбуот хизматига.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 8 бор Олимпия ўйинларида иштирок этиб, гимнастика тарихи ва «Гиннеснинг рекордлар китоби»га киритилган эди. Агар у Париж-2024 Олимпиадасида ҳам иштирок этадиган бўлса, ўз рекордини яқин давр ичида ҳеч ким яқинлаша олмайдиган қилиб янгилайди. Яна ҳам ҳайратланарлиси, ўшанда у 49 ёшида бу ишни амалга оширган бўлади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

2021 йил июль ойида Оксана Чусовитина спортдаги фаолиятини якунлагани ҳақида хабар берди. Бироқ кейинчалик октябрь ойида эса у ўз фаолиятини Ўзбекистон учун медалсиз якунлай олмаслигини таъкидлаб, спортга қайтишини эълон қилди. Гимнастикачи 2022 йилги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришини эълон қилган эди. Яқинда COVID-19 туфайли Хитой мезбонлик қилиши кутилган Осиё ва Параосиё ўйинлари қолдирилганлиги ҳақида хабар берилган эди.