Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Денов туманида V-VII асрларга оид «Қорабоғтепа-1» археологик ёдгорлигининг 585 метр куб майдони фуқаро С.С. ва М.С. томонидан уй-жой қуриш мақсадида текислаб юборилган. Оқибатда ёдгорликка 19,3 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Сариосиё туманида эса милоддан аввалги III-I асрларга оид «Ҳайвонтепа» археология ёдгорлигининг 3500 метр куб майдони «М.И.С» хусусий корхонаси томонидан иссиқхона қуриш мақсадида бузиб юборилган ва ёдгорликка 208,1 млрд сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Маълумот учун, мазкур ҳолатлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Аввалроқ Сурхондарёда археологик ёдгорлик молхона қуриш учун бузиб ташлангани, Самарқандда археологик объектларга 9 млрд сўм зарар етказилгани ва Қашқадарёда археологик объект ҳудудига трансформатор ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди.