Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида мансабдорлар археологик объектга 93 миллион сўмлик зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Туман электр таъминоти корхонаси масъул шахслари «Дархон» маҳалласидаги VI-ХII асрларга оид «Чилламазортепа» археология объектининг 3,75 метр куб ҳажмдаги қисмини ноқонуний равишда ковлаб, трансформатор пунктини ўрнатган. Бунинг оқибатида маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олиниб, давлат муҳофазасида бўлган объектига 93 миллион сўмлик зарар етган.

Аниқланган ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани электр таъминоти мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввлароқ мазкур туманда икки киши Кунжутлитепа археология ёдгорлигида тепалик тупроғини суриб ташлаши оқибатида объект қайта тикланмайдиган даражага келиб қолгани хабар қилинганди. Бу ҳаракатлари учун фуқаролар 47,5 млрд сўм жаримага тортилган, шунингдек, улардан бирининг 3,5 йилга озодлиги чекланган.