Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма тижорий онлайн платформани яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Губада бўлиб ўтган II Озарбайжон-Ўзбекистон минтақалараро форуми давомида маълум қилди, деб ёзмоқда Trend.

«Бу ҳам савдо операцияларини амалга ошириш, ҳам биргаликда инвестиция лойиҳаларини бошлашда бизнесменлар бир-бирларини бемалол топишлари мумкин бўлган савдо платформаси бўлади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, платформани ишга тушириш орқали Озарбайжон ва Ўзбекистон икки давлат тадбиркорларига «керакли шериклар топиш ва янги савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларини яратиш» имконини берувчи қўшимча восита яратиши мумкин.

лазиз кудратов, микаил жабборов, озарбайжон

Вазир, шунингдек, август ойида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи режалаштирилганини айтди.

«Ушбу ташриф давомида муносабатларимизга янада юксак мавқе ва даража бахш этадиган жиддий натижаларга эришилади», — деди у.

ИССВ раҳбари Ўзбекистон Озарбайжон инфратузилмаси орқали юк ташишни фаол ошираётганини ва жорий йилда бу йўналишда 1 миллион тоннадан ортиқ Ўзбекистон юки ташилишини таъкидлади. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 300 минг тоннани ташкил этди.

«Озарбайжон томонига ўзбек компанияларига кўрсатилаётган имтиёз ва преференциялар учун миннатдормиз, бунинг натижасида биз ушбу йўналишдан тобора кўпроқ фойдаланмоқдамиз», — деди у.

Лазиз Кудратов Озарбайжон билан нефть-кимё маҳсулотлари ва углеводородлар соҳасида қўшма савдо компанияси ташкил этилганини маълум қилди.

«Энди биз Озарбайжондан полимер маҳсулотлари экспортини оширмоқчимиз. Бундан ташқари, ҳозирда қўшма лойиҳалар пакети фаол ривожланмоқда. Улар товар айирбошлаш ҳажмини оширишда ҳам ўз таъсирини кўрсатади», — деди у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, гап тўқимачилик, ипакчилик, қишлоқ хўжалиги, маиший техника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги лойиҳалар ҳақида бормоқда.

«Бу лойиҳалар савдо айланмасини ҳам оширади. Шунга кўра, яқин 1−2 йил ичида бу даражага [йилига 1 миллиард доллар] етишини кутамиз ва ишонамиз», — деди Кудратов.

Микаил Жабборов. Фото: ИССВ.Микаил Жабборов. Фото: ИССВ.

Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов Ўзбекистон билан биргаликда «Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларида тўқимачилик соҳасида ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилаётганини» айтди.

Маълум қилинишича, форум доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон шаҳарлари, хусусан, Физули ва Гулистон, Биласувар ва Термиз, Мингечевир ва Наманган шаҳарлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш бўйича келишувлар имзоланган.

Аввалроқ Лазиз Кудратов «Ўзбекнефтгаз» компанияси Озарбайжонда газ қазиб олиш лойиҳасига кириши мумкинлигини айтганди. Гап Каспий денгизидаги «Шаҳ-Дениз» лойиҳаси ҳақида кетмоқда.