2024 йилга мўлжалланган давлат дастурига кўра, «Ўзбекнефтгаз» компанияси 2024 йилда 29,3 млрд метр куб газ қазиб олишни режалаштирмоқда, бу аввалги прогнозлардан паст.

Давлат дастурининг 52-мақсади иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарурий энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашни назарда тутади.

Бунга эришиш учун «Ўзбекнефтгаз» бир қатор гео-технологик ишларни, жумладан, 95 та газ қудуғини бурғилаш, 81 та газ қудуғини комплекс таъмирлаш ҳисобига иш фаолиятини тиклаш, 42 та технологик чора-тадбирни амалга ошириш режалаштирган.

Натижада 29,3 млрд метр куб газ қазиб олиш режалаштирилган. Таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу мақсадга эришиш учун масъул ташкилотлар қаторида «Ўзбекнефтгаз»дан ташқари Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) хусусий компанияси, хусусий нефть-газ компаниялари ва «Ўзбекнефтгаз» билан маҳсулот тақсимоти бўйича шартнома асосида ишлаётган бошқа хорижий корхоналар ҳам бор («Лукойл», «Газпром», Gas Project Development Central Asia AG).

Компания 2023 йил бўйича қазиб олиш ҳажмини ҳали очиқламади, бироқ ўтган йили қазиб олиш ҳажми бўйича прогноз дастлаб 34,1 млрддан 32,8 млрд куб метргача, кейин эса «конлардаги ҳажмларнинг тез тугаб бораётгани» туфайли 32,3 млрд куб метргача пасайтирилган.

«Жорий [конларнинг] тугаши бўйича прогнозларимиз ўзини оқламади. Улардаги ҳажмлар тезроқ тугаб бормоқда. Бизнинг [ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича] чора-тадбирларимиз ишлаб чиқариш ҳажмини 34,1 млрд куб метрда ушлаб туриш учун етарли эмас», — деганди «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти раисининг собиқ биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов.

2022 йилда компаниянинг қазиб олиш ҳажми бўйича прогнози 34 млрд метр кубни ташкил этган, бироқ амалдаги натижа 32,2 млрд метр куб бўлганди.

Беҳзод Усмонов 2022 йил ноябрь ойида 2026 йилгача қазиб олиш ҳажми бўйича прогнозни эълон қилган. Тақдим этилган графикка кўра, ҳозирги конлардаги табиий қазиб олиш ҳажми пасайишда давом этади, чунки қазиб олиш ҳажмини 34,1 млрд куб метр даражасида ушлаб туриш учун геология-қидирув ишлари орқали 2024 йилда 4,6 млрд метр куб, 2025 йилда — 7,1 млрд метр куб, 2026 йилда — 9,6 млрд метр куб газ ўрнини қоплаш керак бўлади.

Геологик қидирув ва қудуқларни бурғилаш ишларига юзлаб миллион долларлик инвестициялар

2023 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига кўра, «Ўзбекнефтгаз» геология-қидирув ишларига 100 млн доллар, тузилмавий корхоналардаги модернизация ва реконструксия ишлари учун 48,8 млн доллар сармоя киритишни режалаштирган.

Бундан ташқари, ўтган йили 2017−2023 йилларда углеводород (нефть ва газ) қазиб олишни кўпайтириш бўйича 1,15 млрд долларлик дастурни якунлаш режалаштирилганди, бу дастур Россиянинг «Газпромбанк»и ва Хитойнинг «Ипак йўли» жамғармаси томонидан молиялаштирилган. Дастурни амалга оширишнинг сўнгги йилида 150 млн доллар маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилганди.

Япониянинг MUFG компанияси билан биргаликда 20 млн долларга газ ва нефть қудуқларини қайта тиклаш ва бурғилаш, шу компания билан «Ўзбекнефтгаз» инвестицион блокларида геология-қидирув ишларига яна шунча маблағ сарфлаш режалаштирилганди.

2024 йилнинг биринчи чорагида «Ўзбекнефтгаз» компанияси қудуқларни бурғилаш ва жиҳозлашга 117,8 млн доллар (йил давомида эса умумий 321 млн доллар), қудуқларни таъмирлашга 12 млн доллар (45 млн доллар), қудуқларда компрессор станцияларини қуриш учун 30,6 млн доллар (2024−2025 йилларда 200 млн доллар), геология-қидирув ишларини олиб бориш учун 27 млн доллар (79,6 млн доллар), тузилмасидаги корхоналардаги қурилиш, модернизация ва реконструксия ишлари учун 25 млн доллар (2024 йилда 118,5 млн доллар), конларда технологик тадбирларни амалга ошириш учун 9 млн доллар (жами 45 млн доллар) инвестиция қилишни режалаштирмоқда.

2023 йил август ойи маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1,85 трлн метр куб тасдиқланган газ ҳажмига ва 150,3 млн тонна суюқ углеводородга эга бўлган 296 та нефть ва газ конлари мавжуд. «Ўзбекнефтгаз»га 933,2 млрд метр куб (50,3 фоиз) ва 53,3 млн тонна ҳажмли 122 та кон (35 таси консервация қилинган) тегишли.

Статистика агентлигининг хабар беришича, 2023 йил якунига кўра Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми қарийб 5 млрд куб метрга камайиб, 46,7 млрд куб метргача пасайган.