Вазирлар Маҳкамаси Президиумининг навбатдаги мажлисида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш, йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишни таъминлаш масалалари танқидий руҳда кўриб чиқилган. Бу ҳақда Янги Ўзбекистон газетасида мақола чоп этилди.

Йиғилиш аввалида инвестиция дастурига мувофиқ, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунлари бўйича жами 10,2 млрд доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилгани ёки кўрсаткич прогнозга нисбатан 110 фоизга таъминлангани қайд этилган.

Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 6,3 млрд доллларни (прогнозга нисбатан 121%), халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари 1,5 млрд долларни (прогнозга нисбатан 100%) ташкил этган.

Дастур доирасида қиймати 2,9 млрд долларга тенг бўлган 160 та йирик ишлаб чиқариш объекти ва қувватлари ишга туширилиб, 24 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Мажлисда шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришдаги камчиликлар ҳам кўриб чиқилган. Натижада масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Хусусан, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхаджаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Дониёр Мадиримов, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов шулар жумласидан.

«Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш прогнозларини ортиғи билан бажаргани таъкидланган.

Йиғилиш якунлари бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотлари маблағларини самарали ривожлантиришни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинган.