Мактаб ўқувчиларининг давомати муаммосини ҳал қилишга Миллий гвардия ходимлари ҳам жалб қилингач, жамоатчиликда кўплаб савол ва эътирозлар пайдо бўлмоқда. 14 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг «Газета.uz» мухбири Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи, полковник Зафар Алимовдан қатор саволлар юзасидан изоҳ олди.

— Инспектор-психолог ким ўзи? Унинг вазифалари нималардан иборат?

— Инспектор-писхологлар олдин ички ишлар тизимида фаолият юритган. Яқинда бу штат бирликлари Миллий гвардия тизимига мавжуд ваколатлари билан биргаликда ўтказилди. Ҳозирги кунда инспектор-психологларда мактаблардаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тарбияси оғир болалар билан шуғулланиш, уларни тўғри йўлга қайтариш ва фарзандининг таълим олишига тўсқинлик қилаётган ота-оналарга нисбатан чора кўриш вазифалари юклатилган. Айни пайтда уларга қўшимча ваколатлар олиш режаси ишлаб чиқилмоқда.

— Охирги пайтларда инспектор-психологларнинг давомат масаласига эътибор қаратаётгани, айрим Миллий гвардия ходимларининг бу бўйича йиғилиш ўтказаётгани акс этган видеолар муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Нима учун асосий эътибор айнан давоматга қаратиляпти?

— Президентимизнинг тегишли қарорларида Миллий гвардия органларига дарсларга мунтазам равишда қатнашмаётган болалар тарбияси билан шуғулланиш ва ўқувчиларнинг барчасини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш вазифаси юклатилган. Биз мактабга сурункали равишда келмаётган болаларни аниқлаб оламиз, улар нима учун мактабга бормаётганининг асосий сабабларини ўрганамиз, шу орқали ўзимизнинг йўналишимизни белгилаб, давоматни тўғри йўлга қўйиб олмоқчимиз.

— Ўқувчилар қандай омиллар туфайли дарсларда иштирок этмаяпти? Таҳлиллар мавжудми?

— Ҳозирги кунда давомат масаласи бўйича ўрганишлар олиб боряпмиз, жойларга чиқиб, ота-оналар ва маҳалла жамоатчилигининг фикрларини эшитяпмиз. Ўрганиш жараёнларидан кейингина биз аниқ бир хулосани айтамиз ва улар билан ишлаш усулларини белгилаб оламиз.

— Миллий гвардия ходимларининг ваколатида ўқувчиларнинг сумка ва телефонларини текшириш ҳамда назорат қилиш ҳам борми?

— Саволни тўғри берсак, яхши бўларди…

— Бу саволни бекорга берганим йўқ. Чунки охирги пайтларда тармоқларда ота-оналар фарзандининг телефон ва сумкалари назорат қилинаётганини ёзмоқда. Ҳақиқатан ҳам, бу инспектор-психологлар ваколатига кирадими?

— Ваколат, ваколат деяпмизу, лекин дунёни кўрадиган бўлсак, мактабларда содир этилаётган террористик ҳаракатлар, болалар томонидан мактабга қурол олиб келиб, ўз тенгдошлари ёки ўқитувчиларига қилинаётган таҳдидлар, уларга нисбатан бўлаётган қуролли ҳолатлар… Мана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, биз, Миллий гвардия органлари, мактабда болаларнинг хавфсиз таълим олишини таъминлаб беришимиз керак. Ким бўлишидан қатъи назар, мактабга совуқ ёки ўқотар қурол, ноқонуний нарса олиб кирадиган бўлса, биз унинг олдини олишга мажбурмиз ва бу бизнинг бевосита вазифамиз ҳисобланади. Албатта, ҳар битта боланинг сумкасини текшириш ёки телефонини титкилаш ниятимиз йўқ. Лекин мактаб хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилади.

— Ўқувчининг сумка ва телефонини назорат қилиш Миллий гвардия ходимларининг ваколатига кирадими? Жавобингиз кўпчиликка қизиқ.

— Агар унинг сумкасида ноқонуний нарса бўлса, уни кўриб, олиш бизнинг ваколатимизга киради. Телефон масаласи эса Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгилаб қўйилган, яъни боланинг мактабда дарс жараёнларида телефондан фойдаланиши тақиқлаб қўйилган. Биз ўқувчининг телефонининг ичини титкилаб олмаймиз. Уни мактаб маъмуриятининг ўзи назорат қилади. Лекин талабларга бўйсунмаётган ёки ўқитувчиларга қўпол муомала қилаётган, тарбиясида бузуқ ҳолатлар бор ўқувчилар билан инспектор-психологлар шуғулланади. Яъни бунинг сабабларини ўрганиб, боланинг тарбиясидаги ҳолатларга аралашиши мумкин.

— Миллий гвардия ходимлари ўқувчиларнинг ташқи кўриниши: сочи, кийими ва бошқа жиҳатлари билан ҳам шуғулланадими ёки булар уларнинг ваколатига кирмайдими?

— Ҳозир ҳар битта ҳолатга тўхталиб ўтсак, бу суҳбатимиз тугамайди. Мен шу саволингизга тўлиқ тушунмадим…

— Инспектор-психологлар ўқувчига «мактаб ўқувчисига хос соч турмаги ёки формада кел», дейиши мумкинми?

— Мактабнинг ички тартиб-қоидалари бўйича мактаб маъмурияти шуғулланади. Миллий гвардия органлари ходимларининг ички қоидалар билан шуғулланиш [ваколати йўқ].

— Миллий гвардия ходимларининг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан адекват муомала қилгани қандай назорат қилиб борилади? Тармоқларда «инспектор-психологларга боди камера керакдир балки» деган фикрлар ҳам билдириляпти.

— Тўғри савол бердингиз. Ҳозир тизим янгиланди, 2 мингта шахсий таркиб Миллий гвардия органларига ўтди. Уларнинг муомала маданияти ва назорат қилиш тизими қайтадан ишлаб чиқиляпти. Келгусида ходимларни планшетлар ва боди камералар билан таъминлаш масаласи заруратдан келиб чиқиб амалга оширилади. Лекин ҳар битта ходимни қайтадан ўқитишни режалаштирганмиз. Уларнинг болалар ва ота-оналар билан қандай муомалада бўлиши, «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликни қандай амалга ошириши бўйича дастурларимизни ишлаб чиқдик. Тизимга штат бирликлари бўйича ўтган инспектор-психологларни бу йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан албатта, шуғулланамиз. Шунингдек, ҳисобот тизими ҳам йўлга қўйилади ва кунлик қилган ишлари назорат қилиб борилади.

Миролим Исажонов суҳбатлашди.