Мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилади. Бу ҳақда 5 февраль куни Шавкат Мирзиёев ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишида маълум қилди.

Мажлисда мактабларда оғриқли масалалардан бири, бу — тарбия ва маънавият экани қайд этилди.

Ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.

«Сўров мактаб директоридан бўлаяпти, лекин Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масъул ҳокимлар ҳар ҳафта битта мактабга бориб, ўқувчиларни шароити ва тарбияси билан шуғулланмаяпти», — дея қайд этди президент.

Шу муносабат билан мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларга:

  • вояга етмаганларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлиги учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасининг 1-қисми);
  • таълим муассасалари ҳудуди ва унинг атрофида ўқувчилар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва мактабларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузиш ҳамда белгиланган тартибда жазо чорасини қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56−1, 183, 187-моддаси 1-қисми);
  • вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга (спиртли ичимликларни, гиёҳвандлик воситалари ёки одамнинг ақл-идрокига, иродасига таъсир қиладиган моддаларни истеъмол этишга) жалб қилган шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси) ваколати берилганди.