Миллий банклараро процессинг маркази Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) юрисдикциясига ўтказилади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 30 ноябрдаги «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат билан ҳозирда Марказий банкнинг Бош ахборотлаштириш марказига тегишли бўлган Humo тўлов тизимидаги давлат улуши (100 фоиз) тўлиқ ДАБАга ўтказилади. Ушбу қарорнинг мақсади тушунтирилмаган.

Қарорда таъкидланишича, сўнгги пайтларда банк карталаридан фойдаланган ҳолда ўғирлик ва фирибгарлик ҳолатларининг кўпайиши аҳолининг рақамли молиявий саводхонлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакаси етарли эмаслиги, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг замонавий тизимлари мавжуд эмаслигидан далолат бермоқда (Humo ва Uzcard тизимлари назарда тутилган бўлиши мумкин — таҳр.).

«Газета.uz» янгилик бўйича Марказий банк ва Humo`га сўров юборди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун ҳам чиқарилмаган.

Миллий тўлов тизими 2018 йил сентябрь ойида яратилган. Ўшанда чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтиради, тўлов инфратузилмасини ягона интеграциялашувига йўл қўймайди ва битта монополия тизимининг ҳукмронлигига олиб келиши таъкидланганди.

Humo ўша пайтдаги ягона процессинг маркази — хусусий тузилма бўлган Uzcard дастурий таъминотидаги катта носозликдан кейин тузилган.