Humo миллий банклараро процессинг марказининг Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) балансига ўтиши хусусийлаштириш режалари билан боғлиқ эмас, деб хабар берди «Газета.uz»га агентлик матбуот хизмати.

Президентнинг 30 ноябрдаги қарори билан Марказий банкнинг бош ахборот марказига тегишли бўлган Humo тўлов тизимидаги давлат улуши тўлиқ ДАБАга ўтказилди.

2023 йилнинг 9 мартидан кучга кирган «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан бир вақтнинг ўзида ҳам мулкдорнинг, ҳам тартибга солувчининг вазифаларини бажаришга йўл қўйилмайди. Яъни бу ҳолатда МБ банк бозорини тартибга солувчи ва Humo`нинг якка эгаси бўлиб қолиши эҳтимолий манфаатлар тўқнашувига олиб келади, дея қайд этди агентлик.

«Ушбу ҳолат мулкдорнинг вазифаларини давлат органидан Давактив агентлигига ўтказиш ёки мазкур корхонани тугатиш ёхуд тартибга солувчининг вазифаларини ушбу давлат органидан бошқа давлат органига ўтказиш йўли билан бартараф этилади», — дея таъкидлади агентлик.

Эндиликда қонунчилик талабларини бажариш мақсадида бошқа вазирилик ва идоралар томонидан бошқарилаётган хўжалик жамиятларнинг давлат улушларини ваколатли орган сифатида Давактив агентлигига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур қонуннинг 22-моддасига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини бошқариш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади ва ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Маълумот учун, миллий тўлов тизими 2018 йил сентябрь ойида яратилган. Ўшанда чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтириши, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграциялашувига йўл қўймайслиги ва битта монополия тизимининг ҳукмронлигига олиб келиши таъкидланганди.

Humo ўша пайтдаги ягона процессинг маркази — хусусий тузилма бўлган Uzcard дастурий таъминотидаги катта носозликдан кейин тузилган.