Февраль ойида Ўзбекистон олтин савдоси бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади, деб хабар бермоқда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council).

Очиқ маълумотларга кўра, февраль ойида жаҳон марказий банкларининг олтин захиралари 19 тоннага ошган. Аммо қимматбаҳо металларни харид қилиш ҳажми январь ойига (45 тонна) нисбатан 58 фоизга камайган. Йиллик ҳисобда марказий банклар январь ва февраль ойларида олтин заҳираларининг 64 тоннага ошгани ҳақида хабар берди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоизга кам, лекин 2022 йилга нисбатан тўрт баравар юқори ҳисобланади.

Бу ойда Хитой Халқ банки энг йирик харидор бўлди — олтин захирасини 12 тоннага ошириб, 2257 тоннага етказди. Феврални ҳам қўшиб ҳисоблаганда, ХХБнинг олтин захиралари, олтиннинг умумий захирадаги улуши 4 фоиз атрофида сақланиб қолаётган бўлса-да, кетма-кет 16 ой давомида ўсиб борди.

Қозоғистон Миллий банки февраль ойида олтин заҳираларини 6 тоннага оширди, Ҳиндистон ҳам шу миқдорда олтин сотиб олди (жами заҳира — 817 тонна).

Қирғизистон Миллий банки маълумотларига кўра, февраль ойида мамлакат олтин захиралари 1 тоннадан кўпроққа ошган, соф харидлар эса йил бошидан бери 2 тоннани ташкил қилган. Ҳозирда олтиннинг умумий захираси деярли 24 тоннага баҳоланмоқда.

Февраль ойида икки давлат йирик миқдорда олтин сотди. Ўзбекистон Марказий банки бир ой давомида олтин захираларини 12 тоннага, Иордания Марказий банки эса 4 тоннага камайтирди.

2023 йилда Ўзбекистон олтин сотиш бўйича дунёда иккинчи ўринга чиққанди. Олтиннинг соф савдоси 25 тоннадан ортиқни ташкил этиб, биринчиликни эгаллаган Қозоғистондан икки баробар кам кўрсаткични қайд этган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, февраль ойида Ўзбекистон 1,32 миллиард долларлик олтин сотган, бу 2023 йилнинг январь-февраль ойларидаги ҳажмдан (1,18 миллиард доллар) 11,5 фоизга кўп ҳисобланади.

Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари йил бошидан буён 2,37 миллиард долларга камайиб, 32,2 миллиард долларни ташкил этгани ҳақида хабар берган эди (бу ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери энг кам кўрсаткич). Олтиннинг физик ҳажми дастлаб 0,3 миллион трой унцияга (9,3 тонна) ошган, кейин эса худди шундай ҳажмга қисқарган. Натижада 11,9 миллион трой унция қимматбаҳо металл (370,1 тонна) захирада қолган, бироқ олтин захирасининг қиймати 535,4 миллион долларга камайган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил охирида мамлакатнинг «молиявий ёстиқчаси» 1,2 миллиард долларга тушиб, 34,56 миллиард долларни ташкил этган. Йиллик ҳисобда захиралар камайиши 2018 йилдан бери илк марта кузатилган. Олтиннинг физик ҳажми йил давомида деярли 25 тоннага камайган.