Тошкент вилоятидаги бир нечта ҳудуддаги 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Йиғилишда давлат раҳбари «Яшил макон» доирасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Тошкент вилоятида дарахт экиш бўйича бошланган лойиҳага кўра, Нурафшон, Бекобод шаҳри, Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади. Ҳар 1 гектар учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм ажратилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинади. Ер тайёр ҳолга келтирилиб, дарахт экиш хоҳиши бор аҳолига ўзи истаган турдаги кўчатни экиши учун шароит яратилади.

Бу ташаббус маъқулланиб, ҳар бир вилоятда камида 20 гектардан ер ажратиб, ушбу тажрибани бошлаш топширилди. Вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларидаги камида 2 тадан марказий кўчада маҳаллий иқлимга мос гул кўчатларини экиб, уларни тематик кўчага айлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Баҳор мавсумида маҳаллаларда ва кўп қаватли уйлар атрофида, йўллар ва каналлар бўйидаги ерларга дарахт экиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Пойтахтда амал қилаётган йирик қурилиш лойиҳаларида майдоннинг камида 30 фоизига дарахт экиш мажбурияти барча вилоятларда жорий қилиниши белгиланди.

Экология вазирлигига «Менинг боғим» лойиҳасини ишга тушириш топширилди. Бунга бюджетда назарда тутилган 50 миллиард сўм ажратилади. Жойларда 444 та яшил боғ ва 160 та жамоат паркларини ташкил қилишга кўрсатма берилди.